Бэтмэн филми намойишидаги қотиллик бўйича маҳкама бошланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Дастлабки маҳкама жараёнида Жеймс Холмс жуда совуққон ва уйқусираган ҳолда ўтирган

Колорадо штати Аврора шаҳридаги оммавий қотилликнинг ижрочиси Жеймс Холмс маҳкамаси бошланган.

24 ёшли Холмс маҳкама жараёнида ўз ҳиссиётларини ошкор этмаган, уйқусираган ҳолда ўтирган.

Жеймс Холмс "Қора рицар: афсонанинг туғилиши" филми намойиши пайтида 12 кишини отиб ўлдирганлик ва 58 кишини яралаганликда айбланмоқда.

Жароҳат олганлардан тўққиз кишининг аҳволи ҳамон оғирлиги хабар қилинган.

Прокурор Холмсни маҳкама айблови ўқилгунича Колорадонинг Сентенниал қамоқхонасида ҳибсда қолдиришга қарор қилган.

Америка президенти Аврора кинотеатридаги фожеани бошдан кечирган одамларни касалхонага бориб кўрган.

Ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан учрашган Барак Обама давлат раҳбари сифатидагина эмас, ота ва турмуш ўртоқ сифатида инсонларнинг дардига шерик эканлигини билдирган.

Айни пайтда Холмснинг оиласи ёзма мурожаат билан чиққан.

Мактубда айтилишича, "Бизнинг қалбимиз бу фожеани бошдан кечирганлар, уларнинг оила аъзолари билан бирга. Шу билан бирга оммавий ахборот воситаларидан ушбу оғир пайтда бизнинг шахсий ҳаётимизга ҳурмат билан қарашларини сўраймиз", дейилади мурожаатда.

Холмс оиласининг ҳимоячиси Лиза Дамиани айбланувчининг ота-онаси ўғилларини ҳимоя қилишини, чунки нима бўлганда ҳам "у ўзларининг фарзандлари" эканини айтишганини билдирган.

Маҳкаманинг биринчи босқичида Холмсга олдиндан ўйланган ва режалаштирилган қотилликни амалга оширгани бўйича 12 айблов илгари сурилиши кутилмоқда.

Прокурор расмий айбловни 30 июлда эълон қилишини айтган.

Маҳкама Жеймс Холмсга ўлим жазоси сўрашни ҳам муҳокама қилмоқда.

Бу масалада ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан маслаҳатлашувдан кейин бир қарорга келиниши маълум қилинган.

Шанба куни полиция портловчи мосламалар зарарсизлантиргандан кейин Холмснинг уйига киришга муваффақ бўлган.

Айбланувчининг компьютеридан олинган маълумотлар қотиллик ҳақидаги аниқ тафсилотларни бериши мумкин.

Полицияга кўра, содир этилган қотилликка Холмс ойлар давомида "обдон тайёрланган".

Бу мавзуда батафсилроқ