Сурия инқирози: Обама президент Ассадни огоҳлантирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Алеппода уч кундирки жанглар давом этмоқда

АҚШ Сурия ҳукуматини химиявий қурол ишлатишдан сақланиш кераклиги билан огоҳлантирган.

Америка президентининг бу чақириғи расмий Дамашқнинг "ташқи кучлар таҳдид қилганда" химиявий қурол қўлланилиши мумкин, деган билдиришидан орқасидан янграган.

Барак Обама Сурия президенти ростдан ҳам химиявий қурол ишлатадиган бўлса, бу улкан хато бўлишини, шунингдек ҳамма масъулият Башар ал-Ассад зиммасига тушишини таъкидлаган.

Бундан олдин ташқи ишлар вазирлиги вакили "Сурия химиявий қуролга эга бўлганда ҳам, ҳеч қачон ўз халқига нисбатан ишлатилмаслиги"ни айтиб чиққан эди.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун оммавий қирғин қуроли ишлатилишидан хавотирини изҳор этган.

Би-би-си мухбири Жим Мюирнинг сўзларига кўра, Суриядаги мавжуд тузум қулаган тақдирда, экстремистик гуруҳлар қўлига химиявий қурол тушиб қолишидан хавотирлар бор.

Мухолифат томонига ўтган Наваф Фарес ҳам Башар Ассад ўз фуқароларига нисбатан химиявий қуролни ишлатиши мумкинлигини айтган.

Сурия ўзида оммавий қирғин қуроллари борлигини расман ҳеч қачон тасдиқламаган.

Шунингдек, химиявий қуролни таъқиқлаш бўйича Конвенцияга имзо чекмаган.

Сурия мухолифати ҳукумат кучлари аллақачон химиявий қуролни ишлатган бўлишлари мумкинлигидан хабар берган.

Араб Лигаси чақириғи

Қатарда шошилинч йиғилган Араб Лигаси аъзолари Башар ал-Ассадни зудлик билан истеъфога чиқишни сўраганлар.

Бунга жавобан президент ва оиласига Суриядан хавфсиз чиқиб кетиш таклиф қилинган.

Дамашқ ва Алеппода исёнчилар ва ҳукумат кучлари ўртасида янги тўқнашувлар бошланган.

Алеппо ва Хомсдаги турмаларда келиб чиққан қўзғолон натижасида тўққиз маҳбус ҳалок бўлган.

Исёнчилар аллақачон Алеппони ўз назоратларига олаётганларини таъкидлашмоқда.

Улар Сурия мухолифатини ўтиш даври ҳукуматини тузишга чақиришган.

"Сурия озодлик армияси" вакилларига кўра, Ассад тузумининг тақдири заифлашган Сурия армиясининг кўмагига боғлиқ бўлиб қолган.

Бироқ Дамашқнинг исёнчилар қўлига ўтган бир қанча туманлари яна ҳукумат кучлари назоратига олинган.

Ҳар куни минглаб қочқинлар Сурия чегараларини кесиб қўшни Туркия, Ливан ва Иорданияга қочиб ўтмоқдалар.

БМТ қочқинлар бош комиссириатининг хабар беришича, Иорданиядаги янги лагер 100 минг қочқинга мўлжаланган.

Бу мавзуда батафсилроқ