Сурия можароси: исёнчилар ҳарбий ёрдам сўрашмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Исёнчилар Сурия армиясига қарши кучлари тенг эмаслигини айтиб, кўмак сўрашган

Сурия Миллий Кенгашининг раҳбари Абдулбосит Саид Сурия мухолифатига бефарқ бўлмаган барча мамлакатларни исёнчиларга ҳарбий ёрдам беришга чақирган.

Жаноб Саид Алеппода ҳукумат кучларига қарши жангларда қўзғолончиларда етарли қурол йўқлигини айтмоқда.

Би-би-си мухбири хабар беришича, Алеппода ҳукумат кучлари қуруқликдан ва ҳаводан ҳужумни бошлашган.

БМТ ва Араб Лигаси элчиси Кофи Аннан Алеппода қон тўкишлар тўхтамаётгани юзасидан жиддий хавотирини изҳор этган ва халқаро ҳамжамият Сурия ҳукумати ва исёнчилар билан мулоқот бошлаши лозимлигини уқтирган.

Айни пайтда, Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Россия ҳукумати Сурия президентига сиёсий бошпана бермоқчи эмаслигини, бу мавзуни муҳокама қилиниши яхши ниятда эмаслигини билдирган.

"Биз бу ҳақда ҳатто ўйлаб кўрганимиз йўқ, кимки бу фикрни халқаро ҳамжамиятга уқдиришга уринаётган экан, бу тоза ниятда қилинаётган иш эмаслиги равшандир",-деган жаноб Лавров.

"Биз Сурия тузумининг яқин ҳамкори эмасмиз ва бўлмаганмиз ҳам, унинг дўстлари Оврўпода. Кимки можарони шу йўл билан ечмоқчи экан, ана ўшалар ўз имкониятларини ўйлаб кўришсин",-деб айтади Сергей Лавров.

Россия Ташқи Ишлар вазирининг сўзларига кўра, Москванинг Ассадга бошпана бериши ҳақида барча гап-сўзлар Суриядаги воқеаларга Москва ва Хитойни айбдор қилиб кўрсатиш учун қилинаётган бузғунчиликдир.

"Биз Хавфсизлик Кенгаши томонидан муаммони бир томонни ёқлаш билан ечишга уринишига қарши вето қўйганмиз.

Суриядаги можароларга ичкаридаги икки томоннинг ҳам айби бор, иккала томон ҳам бунга жавоб бериши керак",- деб таъкидлайди жаноб Лавров.

Унга кўра, яқин орада Россия томони вазиятни барқарорлаштириш учун Сурия мухолифати вакиллари билан ҳам учрашишни режалаштирган.

Айни пайтда, Сурия чегарасини кесиб ўтаётган қочқинларнинг сони ортиб бормоқда.

БМТ қочқинлар иши бўйича комиссириати Иорданияда суриялик қочқинлар учун янги лагер очиши айтилган.

БМТ расмийларига кўра, Иорданияда айни пайтда 150 мингдан ортиқ қочқин бор.

Фаолларнинг хабар қилишича, шанба куни Алеппода 29 киши, бутун Сурия бўйича камида 160 киши ўлдирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ