BBC navigation

Исёнчилар Алеппо ҳукумат қўлига ўтганини рад этишди

Сўнгги янгиланиш 31 июл 2012 - 14:42 GMT

Минглаб оддий одамлар Алеппони тарк этишмоқда.

Сурия армияси Алеппо шаҳрини тўртинчи кундирки ҳужумга тутишда давом этар экан, янги тўқнашувлар ва ҳарбий тикучарлар ҳужумлари борасида хабарлар тарқатилган.

Давлат телевидениеси Сурия қўшинлари Алепподаги "террорчи гуруҳлар"га қаттиқ зарба бераётганини айтиб, Ҳомсда ҳукумат кучлари муваффақиятга эришганини даъво қилган.

Минглаб одамлар Суриянинг иқтисодий маркази саналмиш Алеппони ташлаб қочишмоқда.

Айни дамда АҚШ ва Туркия Сурияда "сиёсий ўзгариш"га эришиш йўлидаги ҳаракатларини кучайтирганлар.

Оқ Уй бу ўзгариш доирасига Президент Башар ал-Ассаднинг лавозимдан воз кечиши ҳам киришини айтди.

Сурия телевидениесига кўра, ҳукумат қўшинлари Алеппонинг қатор мавзелари устидан назоратни қўлга олганлар.

Душанба куни телевидение армия Озод Сурия Армияси исёнчи жангчилари жойлашган Алеппонинг Салоҳиддин мавзесини тўла эгаллаганини хабар қилган.

Таҳлилчиларга биноан, Салоҳиддин мавзеси жанубдан келаётган Сурия қўшинлари ҳаракати учун ўта муҳим йўлакдир.

Лекин, фаоллар ва исёнчи қўмондонлар ҳукумат қўшинлари мавзени эгаллаганларини рад қилишган.

Улар сешанба куни Салоҳиддин тикучарлардан ҳужумга олинишда давом этаётгани ва, айниқса, Алеппо шимоли-шарқидаги Саҳур маҳалласи атрофида қаттиқ жанг кечаётганини айтишди.

Исёнчилар хабарига биноан, шаҳар ғарбида жойлашган ва кўп сурияликлар қўрқадиган Ҳаво Кучлари Жосуслик агентлиги қароргоҳи яқинида ҳам тўқнашувлар юз берган.

Давлат телевидениеси сешанба тонгида узатган хабарлар дастуридан Алепподаги воқеаларни буткул тушириб қолдирган.

Унинг ўрнига дастур кўп вақтдан бери исёнчилар қўлида бўлиб келган Ҳомснинг Қарабис мавзеси ниҳоят ҳукумат қўшинлари қўлига ўтгани ҳақида хабар узатган.

Мухбирларимизга кўра, иккала томон ҳам Суриянинг энг йирик шаҳри, ҳамда молиявий ва саноат маркази бўлмиш Алеппони қўлдан бой беришни истамайди.

2011 йилнинг март ойида бошланган кундалик қон тўкилишлар шу ойгача Алеппони айланиб ўтаётганди.

Ҳозирда Алеппонинг баъзи қисмларида озиқ-овқат тугаб бораётгани, шаҳарда қолаётган аҳоли эса нон учун узун навбатларда соатлаб туришгани хабар қилинади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.