Алеппо учун жанглар давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Суриядан келаётган хабарларга кўра, ҳукуматнинг 20 мингдан ошиқ қуролли кучлари Алепподаги жангларга ташланган.

Алеппода қақшатқич жанглар давом этар экан, армия шаҳарга янада йирик кўламдаги ҳужумни тайёрлаётгани борасида хавотирлар ошган.

Алеппонинг исёнчилар жойлашган мавзелари бомбардимон қилинган. Сурия армияси Алеппо атрофидаги қўшинлари сонини танклар ва қуролли машиналар билан мунтазам равишда бойитиб бормоқда.

Армия Алеппонинг жанубий ва шарқий қисмларини эгаллаган исёнчиларни сиқиб чиқаришга уринмоқда.

Исёнчилар сони ҳам бошқа шаҳарлардан келган сафдошлари билан ошган ва улар ўз мавқеларини осонликча топшириш ниятлари йўқлигини намойиш қилишаяпти.

Қирувчи учоқлар ва тикучарлардан фойдаланаётган ҳукумат қўшинларининг қўли устун кўринади, лекин агар қўшинларнинг режаси Алеппо устидан тўла назоратни олиш бўлса, улар кўпроқ аскарларини шаҳар ичига киритишлари керак бўлади. Бу эса янада кенгроқ кўламли жангларга олиб келиши мумкин.

Би-би-си билан суҳбатда Озод Сурия Армиясининг қўмондони Абдул Жабар Оқайда исёнчилар жойлашган Салоҳиддин мавзеси ҳужумлар 20 июлда бошланганидан бери энг қаттиқ бомбардимонга учраганини айтди.

Ҳукуматнинг нуфузли хавфсизлик мулозими эса: "Алеппо учун кураш ҳали бошланганича йўқ, ҳозир бўлаётган жанглар бу бир хамир учидан бир патир. Асосий жанг энди бошланади", - деб айтган.

Сурия телевидениеси охирги кунларда Салоҳиддин ва яқин атрофдаги бошқа мавзеларда "террорчилар" катта йўқотишларга учраганларини хабар қилган.

Айни дамда пойтахт Дамашқдаги армия манбалари исёнчиларни уларнинг энг охирги истеҳкомидан сиқиб чиқарганларини билдирганлар. Исёнчилар ҳам ўз мавқеларини тарк этганларини тасдиқлашди.

Кеча Шиа зиёратгоҳи яқинида 48 эронлик зиёратчи ўғирлаб кетилган. Эронлик дипломатлар ва Сурия телевидениеси бунда қуролли гуруҳларни айблашган.

Бу мавзуда батафсилроқ