Афғон полициячилари Толибон сафига қочиб ўтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Полиция ходимларининг Толибон сафига қўшилиши чекка ҳудудларда ўз назоратини ўрнатишга қийналаётган ҳукумат учун оғир зарбадир

Ҳелманд вилоятида 11 нафар Афғон полициячиси Толибон сафига қочиб ўтган.

Душанба куни Толибон сафига қўшилган полиция ходимлари ўзлари билан бирга қуроллари ва учта мотоциклни ҳам олиб кетишган.

Ҳали бир неча кун олдин ҳам ғарбдаги Фараҳ вилоятида 13 нафар полиция ходими Толибон сафига қўшилган эди. Улар орасида ҳатто бир полиция қўмондони ҳам бор.

Афғонистондаги Би-би-си мухбирига кўра, полиция ходимларининг исёнкорлар сафига қўшилаётгани Толибон олиб бораётган тарғибот ишлари самара бераётганини кўрсатади.

Ҳелманд ва Фараҳ каби чекка вилоятларда полиция ходимлари хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун муҳим ўта муҳимдир. Чунки катта шаҳарлардан ташқарида ҳукумат ҳамон заиф ва кўп ҳолларда расмийлар маҳаллий полиция қўмондонларига суянадилар.

Аммо полиция ходимларининг исёнкорлар сафига қўшилиши ҳукумат учун йирик зарбадир. Чунки бу ҳолат маҳаллий одамлар орасида Толибон қўли баланд келмоқда, деган фикрларга етаклаши эҳтимоли катта.

Маҳаллий оқсоқоллар бу ўринда ҳукуматни айблашмоқда. Уларга кўра, полиция ходимлари вақтида маошларини олишмаган ва шу боис исёнкорлар тарафга қочиб ўтишган.

"Болаларингга нон топиб беролмасанг, қандай қилиб Толибонга қарши уришасан?" - деган Би-би-си билан суҳбатда ҳелмандлик оқсоқоллардан бири - " Боёқиш поилциячилар қўлларидаги қуроллар ҳам ҳатто тузук ишламайди".

Сўнгги пайтлари афғон армияси ва полиция кучларида ишловчи зобитлар тарафидан хорижлик ҳамкасблари отиб ўлдирилган ҳолатлар ҳам учрамоқда.

Таҳлилчиларга кўра, бу воқеалар нафақат Толибон ташвиқоти ва Афғонистон ҳукумати заифлиги далолати, балки Толибон истиғборати яхши ишлай бошлаётгани далили ҳамдир.