Сурия бош вазири мамлакатдан қочган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Риёд Ҳижоб Суриядаги можаролар бошланганидан буён мамлакатни тарк қилган энг юқори лавозимли мулозимдир

Суриядаги вазият мушкуллигича қолар экан, охирги хабарларга кўра, мамлакат Бош вазири Риёд Ҳижоб ҳукумат таркибини тарк этган ва ҳозирда Иорданияда ҳудудида, деб айтилганди.

Аммо кейинчалик Иордания ҳукумати бу хабарни рад килган.

Риёд Ҳижоб атиги икки ой аввал Бош вазир этиб тайинланганди ва ўтган йили март ойида бошланган кенг кўламли исёнлардан бери ҳукумат таркибини тарк этаётган энг юқори лавозимли расмийдир.

Айтилишича, унинг оила аъзолари ҳам у билан бирга Суриядан чиқиб кетишган.

Шунингдек тасдикланмаган хабарларга кўра Сурия ҳукуматининг яна икки вазири мамлакатдан чиқишга муваффақ бўлган, аммо учинчи - Молия Вазири Муҳаммад Жалилати, қочишга уринган чоғи ҳибсга олинган.

Қўзғолонлар пайтида 30 суриялик офицернинг оиласи билан Туркияга қочиб ўтгани хабар қилинганди.

Риёд Ҳижоб Сурия шарқидаги сунний мусулмонларидандир.

Риёд Ҳижоб Сурия ҳукуматидан қочган биринчи давлат вазири экани хабар қилинади.

Иорданиядаги Би-би-си мухбирига кура, Риёд Ҳижобнинг Суриядан қочиб чиқиши Ассад режими ичида қанчалар кучли саросима бошланганини кўрсатади.

Бир ой муқаддам, Президент Ассадга яқин дея кўрилган генерал Наваф Фарес ҳам Суриядан қочиб чиққанди.

Бош вазирнининг ишдан олингани хақидаги хабар Сурия Телевидениеси орқали хабар қилинган, аммо унинг нима учун вазифасидан четлатилгани борасида изоҳ берилмаган.

Риёд Ҳижобнинг ўрнига Омар Галаванжий хукумат бошлиғи этиб тайинланган.

Бир неча соат муқаддам Сурия давлат телевидениеси Дамашқдаги телевидение ва радио биносининг учинчи қавати портлатилганини хабар берган.

Телевидение ва радио дастурларида узилиш бўлмаган эса-да, кўрсатувларда тасвирлар бир муддат хиралашган ва овоз йўқолган.

Телевидение биноси ичидан туриб гапирган Сурия Ахборот Вазири, телевидениенинг бир неча ходими яраланганини айтган.

Сўнгги хабарларга кўра, мазкур портлашда камида уч инсон яраланган.

Мухолифат фаоллари ва қуролли исёнчилар, давлат матбуоти ҳалиям режимга хизмат қилаётганини айтишади.

Давлат телевидениесининг Суриянинг бошқа шаҳарларидаги биноларига хам ҳужумлар содир этилган. Улардан энг сўнггисида Алеппо(Ҳалаб) шаҳридаги телевидение биноси нишонга олинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ