Покистон: Зинода гумонланган аёл ва эркак яланғоч сазойи қилинган

Гамбат полиция бўлинмаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Гамбат полициячилари зинода гумон қилинган аёл ва эркакни яланғоч ҳолида сазойи қилган

Покистонда зинода гумон қилинган аёл ва эркакни яланғоч ҳолида сазойи қилгани учун бир неча нафар полиция ходими ишдан четлатилган.

Покистоннинг Гамбат шаҳридаги шоҳидларга кўра, зино қилишга интилган жуфтликни кийимсиз ҳолатда ушлаб олган полиция ходимлари уларни кийинишга қўймасдан, яланғоч ҳолда кўчадан олиб ўтиб, полиция идорасига олиб боришган.

Қўл телефонига туширилган видеотасвирда полиция яланғоч бир эркакни ураётгани ва ёнидаги кийимсиз аёл улардан "устимга бирон нарса ташлаб олишимга рухсат беринглар," дея ўтинаётгани аксланади.

Аммо ҳуқуқ посбонлари уларни кийинишга қўймайди ва онадан туғилгандек ҳолатида мажбуран уйдан олиб чиқиб кетишади.

Ҳозир бу иш бошида турган полициячилар устидан текширув бошланиб, улар вақтинчалик вазифасидан четлатилди.

Полиция ходимлари бу икковлон муқаддас Рамазон ойида зино қилиб, қўшнилари кафиятини бузган ва маст-аласт зиёфатлар уюштириб, фаҳшга ботган, дея уларни шундай жазога мустаҳиқ кўрган.

Покистондаги Би-би-си мухбирига кўра, сазойи қилинган эркак Мумтоз Мирбаҳорни билган қўшнилари ва маҳалла-кўй уни зинокор, деб айблашган.

Лекин одамлар полиция ҳам бунақа сазойи қилишга ҳақсиз эди, деб айтишмоқда.

Сазойи қилинган Мумтоз Мирбаҳор Би-би-си билан суҳбатда бу воқеа ўз ҳаётида чуқур жароҳат қолдиргани айтади.

Маҳаллий полицияга кўра эса Рамазон ойи "уйида ароқхўрлик қилиб, маст-аласт зиёфатлар ташкил этган ва фаҳшга берилган Мумтоз Мирбаҳор" устидан қўшнилари шикоят қилишган.

Покистонда сазойи қилиш анъанаси тез-тез учрайди.

Аммо бу сафар илк бора полиция ходимлари зинода гумон қилинган одамларни сазойи қилмоқда ва айни амални яна қўл телефонига ёзиб олишган.

Ўтган йили бошқа минтақада бир нечта эркак ўз оиласидаги аёл билан зинода айбланган йигитнинг ўрта яшар онасини уйидан судраб чиқиб, яланғоч ҳолатида кўчадан олиб ўтишганди.

"Ўшандан бери қишлоғимга қайта олмайман" – деган эди Би-би-си билан суҳбатда Шаҳноз Биби исмли бу аёл. – "На қўшниларим, на ўз ака-сингилларим кўзига қарай олмайман.

"Илгари камбағал бўлсам ҳам бахтли эдим, чунки номус ва шаъним бор эди. Аммо мени кийимсиз кўчага олиб чиқиб, шаънимни топташди”.