Эрон Сурия масаласида учрашув ўтказишга чақирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Фаолларга кўра, Алеппо(Ҳалаб)шаҳрида Салоҳиддин тумани учун жанглар янада кучайган.

Бу Эрон ҳукуматининг Сурия масаласи бўйича "аниқ мавқеъда" турган давлатларни Теҳрон учрашувига чорлаган пайтига тўғри келган.

Учрашувда айнан қайси давлатлар иштирок этиши ҳозирча очиқланмаган.

Фаолларнинг айтишича, ҳукумат кучлари шаҳардаги жангарилар жойлашган манзилларни тикучарлардан ўққа тутмоқда.

Исёнчилар Салоҳиддин туманида назоратни сақлаб турганларини айтишган, армия кучлари эса бу хабарни рад қилган.

Тор кўчалардан ташкил топган Салоҳиддин мавзеси ҳукумат кучларини жануб билан боғлайдиган муҳим нуқта ҳисоблангани боис иккала томон ҳам назоратни қўлдан бермасликка интилмоқда.

Чоршанба куни ҳукумат армияси бундан уч ҳафта олдин жангарилар томонидан ишғол қилинган Алеппо(Ҳалаб)учун кенг миқёсдаги амалиётларни бошлаган.

Сурия давлат телеканали юзлаб " ёлланма жангарилар"ни қўлга олинаётгани ёки ўлдирилганини билдирган.

"Сурия Озодлик армияси" ўз навбатида ҳукумат кучларига жиддий зарба берганини, бир қанча танклар ва бронотехника машиналари яксон этилганини айтмоқда.

Сурия обсерваториясининг хабарига кўра, шаҳар бўйлаб 26 киши , бутун мамлакат бўйича 130 киши ўлдирилган.

Келаётган хабарларга қараганда, Туркия-Сурия чегара ҳудудларида жиҳодий гуруҳлар фаоллашган.

Жумладан, халқаро жиҳодий гуруҳларга таалуқли бўлган ўзбек жангчилари ҳукумат армиясига қарши курашаётган исёнчиларга қўшилиш учун Сурия ҳудудларига ўтганлари ҳақида хабарлар тарқалган.

Бу мавзуда батафсилроқ