Татаристон:Болаларни қабр-ертўлада сақлаган Исломий оқим топилган

Image caption Файзраҳмон Саттаров ҳали 50 йилча олдин ўзини Мусулмонларга туширилган сўнгги пайғамбар, дея эълон этганди

Татаристон полицияси Қозон яқинида ер остида қабрдек қилиб қурилган ҳужрачаларда мажбуран сақланган 27 нафар ёш болани топган.

Шунингдек, қирққа яқин катта ёшли одамлар ҳам лаҳадсимон катакчаларда тутиб турилгани маълум бўлган.

Расмийларга кўра, бу Файзраҳмонийлар номли Исломий оқимнинг ишидир. Ҳозир айни оқимнинг 4 нафар раҳбари устидан жиноий иш очилган.

Ушбу оқим раҳбари Файзраҳмон Сатторов ҳали 50 йилча бурун ўзини пайғамбар, деб эълон этганди.

Россия матбуотига кўра, баъзи болалар ҳаётида ҳеч қачон қуёш нурини кўришмаган.

Бир неча ҳафта олдин Татаристондаги Исломий олимга қарши уюштирилган ҳужумни текшираётган полиция Қозон чеккасидаги бино остида сақланаётган одамларни тасодифан топган.

Ҳозир болаларни давлат ўз қарамоғига олган ва баъзиларини касалхонага жойлаштиришга тўғри келган.

Россиядаги Islam News вебсаҳифасининг ёзишича, ҳозир 83 ёшга кирган Файзраҳмон Сатторов ҳали 1960-йиллари ўзини Мусулмонларга юборилган янги пайғамбар, деб эълон қилганди.

Файзраҳмонийлар ўзларини ташқи дунёда узиб қўйишади ва улар Россия қонунлари ёки Татаристон Мусулмон уламоларини асло тан олишмайди.

Ер остидаги саккиз қаватли қабристон

Маълум бўлишича, ер остида саккиз қаватли қилиб қурилган туйнуксиз лаҳадсимон ҳужралар уч қаватли бир ғиштин бино остидан топилган.

Ушбу оқим раҳбарлари ўз тарафдорларини ер остида сақлашган ва жуда кам сонли аъзоларининг маҳаллий бозорда сотувчилик қилишига рухсат берган, холос.

Татаристонлик уламоларга кўра, ўзини мусулмон санайдиган Файзраҳмон Сатторовнинг ўгитлари Исломга бутунлай зиддир.

“Исломга биноан Муҳаммад С.А.В.дан сўнг бошқа пайғамбар келмайди” – деган gazeta.ru вебсаҳифаси билан суҳбатда Қозонлик исломшунос Раис Сулаймонов -“Ўзини пайғамбар эълон қилган Сатторовнинг қарашларини Ислом рад этади”.

Ўтган 19 июль куни Татаристон диний мулозимларидан Валиулло Ёқубов ўз уйида отиб ўлдирилган эди.

Худди ўша куни Татаристон муфтийси Илдиз Файзов автомашинаси портлатилиши оқибатида ярадор бўлади. Мазкур воқеалар бўйича камида тўрт киши ҳибсга олинган.

Бироқ ушбу ҳужумларга Файзраҳмонийлар оқими вакиллари алоқадор, деган фаразлар йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ