BBC navigation

Россия Бош вазири муовини: ‘Мадонна, ё хоч тақма, ё ичиштон кийвол‘

Сўнгги янгиланиш 10 август 2012 - 08:23 GMT

Москвадаги концерти чоғи Мадонна Pussy Riot қизлари каби бош-юзини балаклава рўмоли билан ўраб олди ва яғринига Pussy Riot дея ёзиб чиқди.

Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Рогозин хонанда Мадоннага қарши ҳақоратомуз сўзлар ишлатган.

Москвадаги концерти чоғи ашулачи аксилҳукумат амали учун маҳкамага тортилган Pussy Riot гуруҳини озод қилишга чақирганди.

Твиттер ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзган Россия Бош вазири муовини Дмитрий Рогозин ашулачи Мадонна “бошқаларга ахлоқдан дарс беришга интилмоқда” деб айблаган.

“Ёки бўйнингдаги хочни олиб ташла, ё турсик кийвол” – деб ғазабини яширмаган Россия мулозими.

Аммо даҳанаки ҳужум фақат шу ерда тўхтамайди.

“Ҳар қандай ғ... қариса, бошқаларга ахлоқдан дарс бера бошлайди, айниқса, чет элларга борган пайтлари” – деб ёзган Дмитрий Рогозин.

Россияда ҳозир барча бу машҳур мақол Мадоннага қаратилган, дея изоҳламоқда.

Фақат бош ҳарфи ёзилган сўзни ҳам таҳлилчилар аёл киши учун энг ҳақоратомўз “ғар” сўзидир, деб айтишмоқда.

Негаки, Россия мулозими ёзган жумла кўп тилларда мавжуд машҳур мақолни эслатади.

Ўзбекларда бу мақол “Ўғри қариса...” деб бошланади.

Москвадаги концерти чоғи Мадонна бир муддат Pussy Riot қизлари каби бош-юзини балаклава рўмоли билан ўраб олди ва яғринига Pussy Riot дея ёзиб чиқди.

Кейин “жасур амалларга қўл урган” қизларни озод этишни талаб қилди.

Черков меҳробида аксилҳукумат норозилик амали ўлароқ бошига балаклава ўраб, ашула айтган уч нафар россиялик қиз устидан ҳозир маҳкама кечмоқда.

Қизлар Владимир Путинни очиқ қўллагани учун Патриарх Кириллни ҳажв этишганди.

Қораловчи тараф безориликда айбланаётган Pussy Riot қизларига қамоқ жазоси сўраётир.

Август ойи ўртасида уларга ҳукм ўқилиши мумкин.

Бу жараён турли фикрларга етакламоқда. Айримлар уни ҳажвий аксилҳукумат амали деса, баъзилар черковда қизларнинг бундай амалга қўл уришлари ахлоққа зид, деб айтишади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари эса мазкур маҳкама жараёни Россиядаги сўз эркинлиги ва демократия аҳволи ёмонлашаётганини кўрсатади, дейишмоқда.

Ғарбона қадриятлар

Мадонна ўз концерти давомида Росиядаги ҳамжинсбозлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилиб гапирди.

Бироқ Россия мулозимларига кўра, агар хонанда вояга етмаганлар даврасида ҳамжинсбозликни тарғиб қилиб гапирса, Россия қонунларини бузган бўлади.

Россияда бесоқолбозлик ёки ҳамжинсбозлик ноқонуний эмас, лекин уни вояга етмаганлар орасида ташвиқ қилиш тақиқланади.

Ашулачининг иккинчи концертига мезбон бўлган Санкт Петербург ҳокимияти мулозими Виталий Милонов эса ашулачи концертлари яқиндан назорат қилинишини билдирган.

“Биз Россияда Мадонна тарғиб этаётган Ғарбона қадриятларни ўрнатиш ҳаракатларига йўл қўймаслигимиз керак” – деб айтган россиялик мулозим.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.