'Сурия исёни Яқин Шарқ давлат чегараларини ўзгартириши мумкинми?'

Image caption Суриядаги курд фаоллари Туркия билан чегарадаги шаҳар устидан назоратни қўлга олганлар.

Сурия бошбошдоқлик гирдобига чўмиб, парчаланиш ёқасига келиб қоларкан, бундан аксар Курдларнинг ютиб қолиш имконлари кучаймоқда.

Аммо кўп миллионли курдлар яшовчи қўшни Туркия воқеалар ривожидан чуқур таҳликада.

Сурия аҳолисининг 10% курдлар. Улар мамлакат шимолида, Туркия чегараларида ёндош минтақаларда яшашади.

Озчилик бўлса-да, узоқ йиллар Cурияни бошқариб келаётган шиа алавий элитаси бошқа сунний араблар каби, курдларни ҳам ҳокимиятга яқин йўлатмаган.

Аммо агар Башар ал-Ассад тузуми қулатилса, Сурия курдлари бу ўзгаришдан энг кўп манфаат топадиган жамоа бўлади, деган қарашлар кучли.

“Сурия парчаланмоқда ва Ассад оиласи бошқарув давридаги ҳолатида қайта бирлашиши эҳтимоли жуда кам” – дейди Америкалик сиёсатшунос Арон Девид Миллер.

Давлатсиз миллат орзулари

Ҳамон ўз давлатига эга бўлмаган минтақадаги энг йирик миллат – курдлар эса ҳозирги воқеалар ортидан каттароқ мухторият ва кўпроқ ҳақ-ҳуқуқларни қўлга киритиш имконига эга бўлишлари мумкин.

“Бундайин имконият юзага келди, дегунча қўшни Ироқ ва Туркиядаги курдлар уларни дастаклашади” – дейди Арон Девид Миллер - “Аммо Сурия ичида бундайин бир курд давлатчаси пайдо бўлишига Туркия тиш-тирноғи билан қарши”.

“Тўғри, Сурия курдлари мустақил давлат туза олишмаса керак. Чунки АҚШ ҳам, Халқаро ҳамжамият ҳам буни қабул қилмайди” – дейди олим - “Бироқ Ироқ курдлари мустақил ҳудудга эга бўлиш йўлида қаттиқ ҳаракат қилишмоқда”.

Image caption Туркия Сурияни Курдистон Ишчи партиясини дастаклаганликда айблайди.

Ироқдаги миллатдошларининг интилишлари Сурия курдларини рағбатлантириши табиий. Айни дамда турли кичик-кичик Курдистонларга тоқат қила олмайдиган Туркия ўз ичида ПКК курд бўлгинчилари партияси янада каттароқ бошоғриққа айланишидан хавотирда.

Чунки Суриядаги курдлар ҳозирги инқироз ортидан нимага эришиб ё эришмасликлари, бутун минтақа ва ундан ташқарида рўй беражак сиёсий ўзгаришларни белгилаши мумкин.

Ўзгалар чизган чегаралар

Британия ва Франция 1916 йили Усмонли Турк салтанатини парчалаш учун махфий келишувга борадилар.

Шу асно турклар бошқарувидаги Ливан ҳудудлари Франция ва Британия бошқарувидаги минтақаларга бўлиб ташланади. Бу ҳудудлар асосида кейин янги давлатлар – Сурия, Ливан, Ироқ ва ниҳоят Исроил ташкил топади.

Аммо буюк қудратлар таъсири ва қарорлари ортидан юзага келган Яқин Шарқ харитаси минтақада ҳеч кимни тўла қаноатлантирмаган.

Турклар ўзлари бошқарган йирик ҳудудларни йўқотишди. Араблар орзу қилган ягона ва қудратли араб давлати истаги чиппакка чиқди.

Бироқ энг кўп ютқизганлар – курдлар эди. Минтақадаги кўп миллионли бу миллат ўз миллий давлатига эга бўлолмади.

Балки курдлар аксар Туркия, Ироқ, Сурия ва Эрон ўртасида бўлиниб, бир-бирларидан ажралиб қолдилар.

Лекин бу воқелик энди ўзгараётгандек.

Саддам Ҳусайн қулатилиши ортидан Ироқ шимолидаги курдлар Ироқ Курдистони тузишди ва амалда мухториятга эришдилар.

Ироқ Курдистони нефтга бой ва бу курдларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланаверса, шаксиз, қўшни мамлакатларда қийинроқ шароитда яшаётиган курдларнинг мустақиллик ва мухторият умидлари ҳам кучайиб бораверади.

Ироқ Курдистони эса бугун нисбатан фаровон ва барқарор минтақа саналади.

“Суриядаги исёнлар натижасида бу ердаги курдлар ҳам Ироқдаги миллатдошлари каби мухторият пойдеворини қуйишмоқда” – дейди Лондондан таҳлилчи Фаваз Гиргиз.

Бу воқеалар Туркияда хавотирларни жуда оширмоқда. Тўғри, Туркия кучли давлат. Аммо курдлар яшовчи қўшни ўлкаларда давлат заифлашаркан, у ерлардаги курдлар кўпроқ мухторият олишади. Бу эса ҳар қандай кучли давлатни ҳам хавотирсиз қолдирмайди.

Айниқса, Ироқ ва Суриядан кейин Эронда ҳам катта сонда курдлар яшаши ҳисобга олинса... Эрон эса бугун АҚШнинг “қора рўйхатида” турган давлат.

“Курдлар яшовчи бир-иккита мамлакат заифлашса, улар истқомат қиладиган давлатлар биргаликда қўллаб келган курдларни жиловлаш чоралари ҳам заифлашади ё ҳатто бутунлай барбод бўлади” – дейди Исроилдан курдшунос профессор Офра Бенгио.

“Курдлар эса қонунга риоя этишлари ва диний экстремизмга унчалик кўп аралашмагани боис АҚШ ва Ғарбнинг кўнглидан жой топишган. Хуллас, Ғарб курдларни қўллаши мумкин”.

Энг катта ташвиш Туркия бошида

Image caption Суриядаги курдлар ўзларининг узоқ вақтдан буён ҳукумат томонидан таҳқирланиб келаётганидан шикоят қиладилар.

Курд масаласидан энг катта хавотирга тушадиган мамлакат бу – Туркия.

Чунки курдларнинг энг кўп қисми Туркия жанубий-шарқий минтақаларида яшашади.

Сўнги пайтларда эса Туркиядаги ПКК курд бўлгинчилари ҳаракатлари ҳам кучайган.Суриядаги курдлар эса айнанТуркиядаги ПКК билан жипс алоқада.

Умуман, Сурия курдлари Башар ал-Ассад ҳукуматини қанчалик ёмон кўришса, ҳозир бу тузумга қарши урушаётган Сурия араб исёнкорларини ҳам шунчалик хушлашмайди.

Буни билган Туркия эса ҳозир ўз сарҳадларидан ташқаридаги курд ҳаракатларини жиловлаш учун қўлидан келган барча дипломатик ва сиёсий қадамларга бориши мумкин.

Бироқ кузатувчиларга кўра, нима бўлмасин, ушбу минтақадаги курд масаласи ҳеч қачон ҳеч қаерга кетмайди. .

Курдистоннинг туғилиши?

Image caption Суриядаги нотинчликлардан қочган курдлар Ироқ Курдистонидан бошпана топишган.

“Ҳали йирик Курдистон ҳақида гапиришга жуда эрта” – дейди олим Фаваз Гиргиз –“Аммо Туркия, Ироқ, Сурия ва Эрон курдлари қалби ва шуурида бирга яшаш орзуси чуқур ўрнашган”.

Олимга кўра, Сурия курдларининг қандай йўл тутишлари барчага таниш ҳозирги Яқин Шарқ қиёфасини ўзгартириши мумкин.

“Яқин Шарқдаги жуда кўплаб ҳозирги муаммоларнинг илдизи Британия ва Франция ўртасидаги 1916 йилги махфий келишув натижасидир” – дейди профессор Гиргиз –“Фаластин ва Курд масалалари бунга мисол”.

“Чизиб берилган миллий чегаралар муайян миллат вакиллари тасаввуридаги ва ё улар истаган табиий чегара эмас”.

Таҳлилчиларга кўра, Яқин Шарқ харитасини ўзгартириш ҳаракатлари ҳозирги йирик қудратлар тарафидан норозилик билан қаршиланиши мумкин.

“Мабодо агар минтақа давлатлари чегаралари ўзгаришларга юз тутса, унда янгидан-янги низолар учун шарт-шароит яратилади”.

Сурия барибир Ироқ эмас

Аммо Сурия курдлари вазияти Ироқ курдларидан анча фарқ қилади. Мазкур фарқлар уларнинг ажралиб чиқиб кетишлари йўлида тўсиқ бўлиши мумкин.

“Суриянинг ҳеч ерида курдлар кўпчилик эмас, шимолдаги “курд минтақаларида” ҳам улар нари борса 30-40% ташкил этади” – дейди АҚШлик сурияшунос Жошуа Ландис –“Улар ёнида кўпчилик сунний араблар яшашади”.

Бироқ Сурияни бошқариб келаётган Ассад оиласи ва атрофидаги элита шиа алавийларидир.

Баъзи кузатувчиларга кўра, Сурия шимолидаги кўпчиликни ташкил этувчи сунний арабларни заифлаштириш учун ҳам Башар ал-Ассад ҳозир у ердаги курдларни ўз ҳолига ташлаб, кучларини кўрсатишларига имкон яратиб қўйган бўлиши мумкин.

Зотан, шимолий Сурия жуда нефтга бой ва мамлакат иқтисоди учун жуда муҳим.

Қизиғи шундаки, курдлар ва турклар орасида ҳам шиа алавийлар озмунча эмас.

Аммо Суриянинг алавий президенти Башар ал-Ассад ҳозир ўзига қарашли алавий жангариларига катта эътибор қаратаётгани айтилади.

Профессор Ландиснинг фикрича, Ассад Сурияни бой бериши мумкин, лекин у ҳали сиёсий саҳнада муҳим ўйинчи бўлиб қолиши эҳтимоли ҳам катта.

“Чунки Ассаднинг алавий озчилик жамоаси барибир Сурияда сақланиб қолаверади”

“Бу - энди Суриянинг келажаги. Ливан шундай эди, Ироқ шундай бўлди”.

Бу мавзуда батафсилроқ