'Афғонистон парламентига ҳужум тўхтатиб қолинган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Афғонистон расмийлари йирик ҳужумни тўхтатиб қолдик, дейишмоқда

Афғонистон Миллий Хавфсизлик Идораси баёнотига кўра, исёнкорлар мамлакат парламентига ва Вице-президент Муҳаммад Карим Халилийнинг уйига ҳужум уюштиришни режалаганлар.

Бироқ жосуслик маълумотлари асосида ишлаган хавфсизлик хизмати шанба оқшоми тунги тезкор амалиёт ўтказишган ва бу ҳужумни амалга оширишга ҳозирланган 5 кишини қўлга олишган.

Улар орасида бир Покистон ватандоши ҳам бор, дейилади. Шунингдек, катта миқдорда қурол-аслаҳа, худкуш ҳужумчилар киядиган нимчалар ва нишонга олинган бинолар белгилаб қўйилган хариталар ҳам қўлга киритилган.

Расмийларга кўра, ҳужумчилар ўтган 10 кун давомида Кобулдаги бир уйда ҳужумни режалашган.

Аммо қандай қилиб бу қадар катта миқдордаги қурол-аслаҳа оддий одамлар яшовчи маҳаллага олиб кирилгани номаълум қолмоқда.

Шунга қарамай, ҳужум режаси фош қилингани ҳақидаги хабар Афғонистон хавфсизлик хизматлари самарали ишлай бошламоқда, деган фикрга етаклайди.

Бироқ бу "фош этиш" баёноти ҳақида муносабат билдирган Толибон ҳаракати Афғонистон ҳукумати ўз хавфсизлик хизматлари обрўсини кўтариш ва одамларнинг ишончини уйғотиш учун "йирик ҳужумни тўхтатиб қолдик" деган хабарни тарқатишмоқда, деб айтиб чиқди.