Эрон зилзила қурбонлари учун мотам тутмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шарқий Озарбайжон вилоятида рўй берган икки кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига Эронда душанба мотам куни деб эълон қилинган.

Охирги маълумотларга кўра, камида 300 киши ҳалок бўлган, 2000 дан ортиқ одам яраланган.

Эрон расмийлари мотам маросимлари икки кун давом этишини айтишган.

Айни пайтда минглаб одамлар вақтинчалик палаткаларга жойлаштирилган.

Зилзиладан кейин ташкил қилинган тезкор гуруҳлар жабрланганларни иссиқ кўрпалар ва кийим-кечаклар билан таъминлашмоқда.

Эрон ички ишлар вазири Мустафо Муҳаммад Нажжор қидирув-қутқарув амалиёти ниҳоясига етгани, эндиликда расмийлар жабрланганларни озиқ-овқат ва совуқ кунлар бошланмасдан тезроқ бошпана билан таъминлашга ҳаракат қилаётганларини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи elvis

Қутқарувчилар шанба туни билан вайрон бўлган бинолар остида тирик қолган инсонларни қидириб чиққанлар.

Расмийлар қурбонлар ва талофотларнинг аксари узоқ қишлоқларда эканини айтишган.

Шунингдек, қурбонларнинг аксарияти аёллар эканлиги маълум бўлган. Улар рамазон ойининг ифторликлари учун тайёрланаётган бўлганлар.

Аҳоли истиқомат қиладиган кўплаб масканлар билан телефон алоқаси узилган.

Мухбирларга кўра, туни билан силкинишлар тўхтамаган, бу эса қидирув ва қутқарув ишларини азобли машғулотга айлантирган.

Бири 6,4 балл, иккинчиси 6,3 балл куч билан рўй берган зилзилаларнинг эпицентри Табриз ва Аҳар шаҳарлари яқинида бўлган.

Эрон Ички ишлар вазири ўринбосари 110 тача қишлоқ вайрон бўлганини айтган.

Айрим қишлоқлар буткул ер билан яксон бўлган.

Ўзининг Баже Баж қишлоғига яқинларини қутқариш учун борган Алиризо Ҳайдайрийнинг айтишича, "бу қишлоқ оммавий қабристонга айланган".

Бу мавзуда батафсилроқ