BBC navigation

Сурия собиқ Бош вазири: 'Ассад режими қуламоқда'

Сўнгги янгиланиш 14 август 2012 - 13:32 GMT

сурия собиқ Бош вазирининг айтишича, қуролли кучлар халқ томонини олиши керак.

Ўтган ҳафта Иорданияга қочиб ўтган Сурия собиқ Бош вазири Риёд Ҳижоб Башар Ал-Ассад режими "молиявий, ҳарбий ва руҳий" жиҳатдан қулаяпти, деб айтди.

Бу ҳақда Риёд Ҳижоб Аммандаги матбуот анжуманида айтди.

Унга кўра, Сурия ҳукумати мамлакатнинг 30 фоиз ҳудуди устидан назоратни йўқотган.

Жаноб Ҳижоб хориждаги мухолифатни бирлашишга ва мамлакат қуролли кучларини халқ билан бирга бўлишга даъват қилди.

"Мен Сурия қуролли кучларини Миср ва Тунисдаги ҳамкасбларидан ўрнак олиб, халқ томонини олишга чақираман", деди Риёд Ҳижоб.

У Суриядаги кенг миқёсли норозиликлар бошланганидан бери ҳукумат таркибини тарк этган энг юқори лавозимли расмийдир.

Айни вақтда Сурия президенти Башар Ал-Ассад Пекинга сафар билан келди.

Хитой Ташқи Ишлар Вазирлиги вакили Сурия мухолифати вакилларини ҳам учрашув учун таклиф қилиш ниятлари борлигини билдирган.

Хитой Сурия борасидаги БМТ резолюцияларига қарши чиққан давлатлардан биридир. Лекин Сурияда сиёсий диалог ва томонлар ўртасидаги оташкесим тарафдори эканлигини билдириб келмоқда.

13 август куни Исломий Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Сурияни ташкилотга аъзоликдан чиқариш ҳақида келишиб олинганлигини билдирди.

Лекин Эрон Ташқи Ишлар вазири Али Акбар Солиҳий можарони ечишниннг бошқа йўллари кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлаб, Сурияни ташкилотдан чиқарилишига қаршилик қилишини билдирди.

Суриядаги фаолларнинг билдиришларича, 2011 йил март ойида бошланган норозиликлардан бери 21 минг киши ҳалок бўлган.

БМТнинг инсонпарварлик ёрдам етказиш бўлими раҳбари Валери Амос Сурияга етиб келиб, қуролли тўқнашувлар оқибатида ёрдамга муҳтож аҳоли эҳтиёжларини ўрганиб чиқмоқда.

Тахминларга кўра, можаро туфайли икки миллионга яқин аҳоли ёрдамга муҳтож ва бир миллионга яқин аҳоли уй-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Алеппода ҳануз жанглар давом этаётгани, пойтахт Дамашқда эса хавфсизлик кучлари ҳужумларидан қўрққан аҳоли шаҳар марказидаги мавзеларни ташлаб чиқаётгани хабар берилмоқда.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.