BBC navigation

Сурия: Дамашқда кучли портлашлар содир этилган

Сўнгги янгиланиш 15 август 2012 - 16:17 GMT

БМТ кузатувчилари Суриядаги вазият борган сари ёмонлашаётганини билдиришган.

Дамашқ марказида БМТ кузатувчилари жойлашган меҳмонхона яқинида кучли портлаш рўй берган.

Сурия давлат телевидениеси хабар қилишича, бензин солинган идишга уланган портловчи мослама ишга солинган.

Маълумотларга кўра, уч киши ҳалок бўлган. Мухолифат фаоллари шаҳарнинг бошқа ерларида ҳам портлашлар содир этилганини айтишган.

Америка Эрон ҳукуматини исёнчиларга қарши курашаётган Башар ал-Ассад тарафдорларини қурол билан таъминлаётганликда айблаган.

Вашингтонда журналистлар олдида гапирган генерал Демпсига биноан, "исёнчилар билан курашда жисмонан ва руҳан ҳолдан тойган аскарларга эрон шиалари ёрдам беришмоқда".

Жаноб Демпси жангарилар Сурия учоғини уриб туширган бўлишсада, уларда оғир қуроллар ва зенит ракеталари бўлмаслиги мумкин, деган.

Саудия Арабистонида мусулмон давлатлар раҳбарлари Сурия инқирозини ва мамлакатни Исломий конференция ташкилоти аъзолигидан чиқарилишини муҳокама қилишади.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинежотнинг бунга қарши сўзга чиқиши кутилмоқда.

Саудиянинг "Ал-Ватан" рўзномаси Россиянинг Яқин Шарқдаги вакили Богдановнинг интервьюсини чоп этган.

Унга кўра, россиялик дипломат "Башар ал-Ассад акасининг икки оёғидан ажралиши ортидан истеъфо бериши мумкин",- деб айтган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили россиялик дипломат бундай интервью бермаганини, Суриядаги вазият пропаганда урушига айлантирилаётганидан хавотир билдирган.

Сурия парламент котиби Холид Обид "Дамашқ-Москва" видеокўпригида жангариларни Ғарб давлатлари ва Исроил қурол билан таъминлаётганларини таъкидлаган.

"Мамлакатдаги беқарорлик вазиятидан манфаатдор ва уни давом эттираётганларнинг мақсади битта - тузумни ағдаришдир",- деган суриялик мулозим.

Холид Обиднинг айтишича, Сурияда қуролланган исломчилар ва "Ал-Қоида" жангчилари ҳаракат қилмоқдалар.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.