BBC navigation

"Исроил Эронга қарши қисқа урушга тайёр"

Сўнгги янгиланиш 16 август 2012 - 09:33 GMT

Исроил вазирининг айтишича, ҳарбий ҳаракатлар "бир неча фронтларда" бошланиши мумкин.

Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазири Матан Вилнаи маълум қилган. Унинг айтишича, Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бир ойга яқин давом этади.

Эрон ўз ракета ҳужумларини бошлайдиган бўлса, Исроил шаҳарларида 500 га яқин киши ҳалок бўлиши мумкин, деб айтган жаноб Вилнаи.

Исроил вазирининг "Маарив" рўзномасига берган интервьюсида айтилишича, ҳарбий ҳаракатлар "бир неча фронтларда" бошланиш эҳтимоли мавжуд.

Жаноб Вилнаи Исроил воқеанинг бу тарзда ривожланишига тайёрлигини, ўз амалиётларини АҚШ кўрсатмаларига суянган тарзда олиб боришини таъкидлаган.

Америкалик блогер Ричард Силверстайннинг Би-би-сига айтишича, унинг қўлига Исроилнинг юқори мулозимлари ёзишмалари тушиб қолган.

Уларда гўёки Исроилнинг Эронга қарши қандай ҳарбий кучларни ишлатиши ёзилган.

Силверстайн интернетда эълон қилган ҳужжатларга қараганда, амалиётлар Эрон ядро объектларига кенг миқёсдаги киберҳужумлар билан бошланиши мақсад қилинган.

Сўнгра Исроилнинг қанотли ракеталари ҳавога кўтарилади, дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари амалиёт мақсадлари қаторида ҳарбий қўмондонлик бошқаруви тизими, илмий-техник марказлари, шунингдек, ядро лойиҳасининг асосий иштирокчилари уйлари ҳам нишонга олиниши мўлжалланган.

Силверстайннинг таъкидлашича, шундан сўнг Исроил қирувчи авиацияси "қўшимча ҳужумларни амалга оширади".

Би-би-си мухбири Жонатан Маркусга кўра, ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текширишнинг имкони йўқ, бироқ воқеаларнинг бу тарзда ривожланиши жиддий оқибатларни келтириб чиқариши тайин.

Айни пайтда Эрон ҳукумати Исроил ва Америка томонидан ҳужум бошланган тақдирда, "керакли жавоб"ни ўзи ёки ҳамкорлари томонидан қайтариши ҳақида маълум қилган.

Айни пайтда Исроилнинг 400 га яқин фуқароси Эронга нисбатан ҳужум қилмасликни сўраб, мамлакат ҳарбийларига мурожаат билан чиқишган.

Мурожаатда Эронга нисбатан ҳаракат жуда хавфли ва алданган ўйин бўлиши таъкидланган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.