BBC navigation

Эквадор Жулиан Ассанжга сиёсий бошпана берган

Сўнгги янгиланиш 16 август 2012 - 11:40 GMT

Британия ҳудудида Ассанж барибир ҳибсга олиниши мумкин

Эквадор Ташқи ишлар вазири Рикардо Патиньо Британия ҳукуматини Жулиан Ассанжни қўлга олиш учун элчихона ичига бостириб киришга уринаётганликда айблаган.

Душанба куни Эквадор президенти Рафаэл Корреа Ассанжга бошпана бериш қарори шу ҳафтада берилишини билдирган эди.

ВазирРикардо Патиньонинг айтишича, Wikileaks сайти асосчисига сиёсий бошпана бериш қарори пайшанба куни маълум бўлган.

Би-би-си мухбирига кўра, Эквадор элчихонаси олдида тўпланган Ассанжнинг тарафдорлари вазирнинг бу хабарини олқишлар билан кутиб олишган.

Йиғилганлар "Ассанжга озодлик!", "Эквадордан қўлингни торт!" деган шиорларни айтишган.

Жулиан Ассанж июн ойидан буён Швецияга экстрадиция қилинишидан қочиб, Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида яшириниб келади.

Ассанж ўзига қўйилган жинсий айбловларни рад қилган ҳолда, уларни сиёсий мақсадлар учун қилинаётганини айтади.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги қонунан Ассанжни экстрадиция қилиши кераклигини, Эквадорнинг Ассанжга сиёсий бошпана бергани ва элчихонанинг дипломатик мақоми бунга монеълик қилмаслигини билдирган.

Чоршанба кечқурун Китодаги матбуот анжуманида чиққан Роберто Патиньога кўра, "Ассанжни Британия ҳукуматига топширилмаса, қўлга олиш учун элчихонага бостириб кириш билан таҳдид қилинган мурожаат олган".

Жаноб Патиньо Британия ҳукуматининг таҳдиди " демократик, ривожланган ва қонунга бўйсунувчи давлатга тўғри келмаслиги"ни айтган.

Унга кўра, " Британиянинг бу таҳдиди Эквадорнинг мустақиллигига даҳл қилади, Эквадор- мустамлака эмас", деб таъкидлаган вазир Патино ўз чиқишида.

Айни пайтда Лондоннинг Найтсбридж туманидаги Эквадор элчихонаси олдида кўп сонли полициячилар йиғилишгани айтилмоқда.

Жулиан Ассанж ўзини Швецияга экстрадиция қилинган тақдирда, Америкага бериб юборилишидан хавотирини билдирган.

Америкада у айғоқчилик айби билан ўлимга ҳукм қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси инсон ўлимга юз тутадиган мамлакатга экстрадиция қилинишни таъқиқлайди.

Ўз навбатида Британия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг билдиришича, "Британия Ассанжни Швецияга топширилишига боғлиқ мажбуриятларини бажаришга аҳд қилган".

"Биз эквадорликларга ўз қонунларимиздан келиб чиқиб, экстрадиция жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва Британиядаги дипломатик бинонинг ҳуқуқий жиҳатларини кўзда тутган ҳолда мурожаат қилдик." "Биз ҳали ҳам бу масалани икки томонга маъқул шаклда ечиш тарафдоримиз",-деб айтган Британия вакили.

Швеция ҳибсга олиш учун кўрсатмани эълон қилганидан сўнг, Британия маҳкамаси ишни ўрганиш мақсадида Ассанжни шартлар асосида озод этган эди.

Жулиан Ассанж Эквадор элчихонасига келиб бу шартларни бузганликда айбланмоқда.

1987 йилда қабул қилинган қонунга биноан Британия ҳудудида жойлашган Эквадор элчихонасига полиция кириб Ассанжни ҳибсга олиш имконини беради.

Metropolitan Police офицерлари элчихона ташқарисида Ассанжни ҳибсга олишни кутиб туришгани хабар қилинган.

Ассанж элчихона машинасида ташқарига чиқиши мумкин, лекин учоққа ўтиргунича ҳибсга олиниш хавфига барибир дуч келиши айтилмоқда.

Швеция ҳукумати Жулиан Ассанжни ўтган йили Стокхолм шаҳрида бир аёлни зўрлаганлик ва бошқасига жинсий тажовуз қилганликда айблаган ва унинг экстрадиция этилишини сўраган.

40 ёшли австралиялик айбланувчи ўзига қўйилган айбловларни рад этади, улар сиёсий сабабларга асосланганини айтиб келади.

Жулиан Ассанж ўзи асос солган Wikileaks сайтида юз минглаб халқаро дипломатик ёзишмаларни эълон қилган.

Уларнинг ичида Америкага талуқли махфий ҳужжатлар ҳам бўлган.

Wikileaks сайти ошкор қилган маълумотлар кўп давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг жиғига теккан.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.