BBC navigation

Пан Ги Мун Аҳмадинежотнинг Исроил ҳақидаги сўзларини қоралаган

Сўнгги янгиланиш 18 август 2012 - 09:44 GMT

Исроил Эронга ҳужум қилишнинг кенг миқёсдаги режасини ишлаб чиққанини айтмоқда

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Маҳмуд Аҳмадинежотнинг Исроилга таҳдиди борасида хавотирини изҳор этган.

Унга кўра, давлат раҳбарлари ўз чиқишлари билан вазиятни юмшатишлари керак.

"Эрон президентининг сўзлари ҳақоратли ва низони қўзғайдигандир",- деб айтган жаноб Пан.

Маҳмуд Аҳмадинежотнинг " Дунё картасида Исроилнинг борлиги инсоният учун ҳақоратдир", деган кескин сўзлари унинг Теҳрон университетида қилган чиқишида янграган.

Бир кун олдин Исроил ҳукумати ўзининг Эрон билан қисқа вақтга мўлжалланган урушга тайёрлигини эълон қилган эди.

Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазири Матан Вилнаи маълум қилган. Унинг айтишича, Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бир ойга яқин давом этади.

Эрон ўз ракета ҳужумларини бошлайдиган бўлса, Исроил шаҳарларида 500 га яқин киши ҳалок бўлиши мумкин, деб айтган жаноб Вилнаи.

Исроил вазирининг "Маарив" рўзномасига берган интервьюсида айтилишича, ҳарбий ҳаракатлар "бир неча фронтларда" бошланиш эҳтимоли мавжуд.

Ўз навбатида Ливаннинг радикал "Ҳизбуллоҳ" исломий гуруҳи раҳбари Ҳасан Насрулло ҳам Исроилни Эронга ҳужумдан эҳтиёт бўлишга чақирган.

Акс ҳолда, Исроилда ҳаёт "дўзах"га айланиши билан таҳдид қилган.

Ҳасан Насруллонинг сўзларига кўра, "Ҳизбуллоҳ"да Исроилнинг ҳарбий ва аҳоли масканларини аниқ нишонга олиш имконияти етарли.

Эрон президенти Аҳмадинежотнинг айтишича, Исроил билан ҳозирги можаро бутун дунё кишиларининг "қадр-қимматини ҳимоя қилиш" учун йўналтирилган.

Исроил давлати Эроннинг ядро лойиҳасини ўзи учун катта хавф деб билади.

Бундан ташқари Эрон Исроилга қарши радикал гуруҳларга кўмаклашиб, уни бутунлай йўқотиш билан таҳдид қилиб келади.

2005 йилда Аҳмадинежот "Исроил бир кун келиб дунё харитасидан ўчирилади" деб айтган эди.

Айни пайтда Исроил давлати Эрон билан ўзаро можарони "куч ишлатиш" йўли билан ҳал қилишни маълум қилган.

Исроил Эроннинг ядро нуқталарига ҳужум қилишнинг кенг миқёсдаги режасини ишлаб чиққанлиги дунёда хавотирларга сабаб бўлган.

Исроилнинг 400 га яқин фуқароси Эронга нисбатан ҳужум қилмасликни сўраб, мамлакат ҳарбийларига мурожаат билан чиқишган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.