BBC navigation

Жулиан Ассанж мурожаат билан чиққан

Сўнгги янгиланиш 19 август 2012 - 16:49 GMT

Ҳибсга олишга тайёр полициячилар боис, Wikileaks сайти асосчиси элчихона айвонидан туриб мурожаат қилишни маъқул кўрган.

Якшанба куни Wikileaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж Эквадор элчихонасининг айвонидан туриб матбуот учун мурожаатини ўқиб берган.

Жулиан Ассанж Эквадор элчихонасида июн ойидан буён Швецияга экстрадиция этилишидан қочиб, яшириниб ўтирибди.

Ассанж аввало Эквадор ҳукумати ва халқига ўзига бошпана бергани ва инсонпарварлик қадриятларига содиқлиги учун миннатдорчилик билдирган.

41 ёшли австралиялик шунингдек Аргентина, Бразилия, Чили каби Лотин Америкаси мамлакатлари расмийлари масалани муҳокама қилиш учун Вашингтонга бораётганларини алоҳида таъкидлаган.

Сўз эркинлиги ва фуқаролик нуқтаи назари учун одамларни таъқиб қилаётган давлатлар сифатида Россияни, икки кун олдин озодликдан маҳрум этилган Pussy Riot гуруҳини ҳам эслаб ўтган.

Жулиан Ассанж Америка президенти Барак Обамага мурожаат қилиб, Wikileaksни ва шахсан ўзини "жодугарни қўлга олиш" каби таъқиб қилишни тўхтатишни талаб қилган.

"Америка ҳукумати олдида икки йўлни танлаш турибди: мамлакат дастлаб қурилган пайтидаги инқилобий қадриятларга қайтадими ёки журналистлар ва оддий одамларни қурқувда сақловчи репрессия ва таъқиблар чоҳига ботиб кетадими?",- деб айтган Жулиан Ассанж.

Ассанж мурожаат билан чиқишини пайшанба кун Twitterда эълон қилган.

Эквадор элчихонаси олдида Ассанжни ҳибсга олишга тайёр полициячилар турганлиги сабабли, Wikileaks сайти асосчиси элчихона айвонидан туриб мурожаат қилишни маъқул кўрган.

Бироқ Ассанжга яқин манбаларнинг Sunday Times рўзномасига хабар беришича, Швеция ўзини Америкага бериб юбормаслигига ваъда берган тақдирда у Эквадор элчихонасини тарк қилиши мумкин.

Швеция ҳукумати Жулиан Ассанжни ўтган йили Стокхолм шаҳрида бир аёлни зўрлаганлик ва бошқасига жинсий тажовуз қилганликда айблаган ва унинг экстрадиция этилишини сўраган.

40 ёшли австралиялик айбланувчи ўзига қўйилган айбловларни рад этади, улар сиёсий сабабларга асосланганини айтиб келади.

Жулиан Ассанж ўзи асос солган Wikileaks сайтида эълон қилган маълумотлар кўп давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг жиғига теккан.

Уларнинг ичида Америкага талуқли махфий ҳужжатлар ҳам бўлган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.