BBC navigation

Хитой маҳкамаси Гу Кайлайни икки йиллик танаффус билан ўлим жазосига ҳукм қилган

Сўнгги янгиланиш 20 август 2012 - 09:25 GMT

Гу Кайлайга чиқарилган ҳукм бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштирилиши мумкин

Хитойлик "урилган" партия вакили Бо Силайнинг хотини Гу Кайлай британиялик бизнесмен Нила Хейвуднинг ўлимида айбдор деб топилган ва икки йиллик ортга суриш билан ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Қотилликка алоқадорлиги учун иккинчи айбланувчи Чжан Сяоцзюнга эса ўн йиллик қамоқ жазоси берилган.

Ҳукм полиция билан ўраб олинган Хэфэ маҳкама биносида ўқиб эшиттирилган.

Ҳукмни ижро этишда танаффус шуни англатадики, шу вақт мобайнида Гу Кайлай яна бирор-бир жиноят содир этса, ўлим жазоси амалга оширилади.

Акс ҳолда, ҳукм бир умрлик қамоқ жазосига алмаштирилиши мумкин.

Бу эса Гу хоним умрининг камида 14 йилини панжара ортида ўтқазади, дегани.

Хитой матбуотига кўра, маҳкама жараёнида Гу Кайлай Чунцин меҳмонхонасида 41 ёшли британиялик бизнесменни заҳарлаб ўлдирганини тан олган.

Маҳкама залига ҳорижлик журналистлар киритилмаган. Фақат икки британиялик дипломатга маҳкама жараёнини кузатишга рухсат берилган.

"Хитой ҳукуматига Нил Хейвуднинг ўлими тафсилотларини текширгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Шу билан бирга маҳкама жараёни инсон ҳақлари талабларига мос келишини ва ўлим жазоси қўлланилмаслигини хоҳлаймиз", дейилади Британия элчихонаси чиқарган мурожаатда.

Хейвуд оиласи ҳимоячиси маҳкама қарорини ҳурмат қилишини билдирган.

Гу Кайлай қотилликни руҳий тушкунлик таъсирида содир этганини айтган.

Кайлайнинг айтишича, ўртадаги ўзаро бизнес барбод бўлгач, Хейвуд унинг ўғлига таҳдид қилган ва Британияда гаровда сақлаган.

Гу хоним содир этган жинояти учун кечирим сўраган.

Хитойда ўлим ҳукми турли жиноятлар учун тез-тез чиқарилса ҳам, 1976 йилда тугаган Маданият инқилобидан буён партия раҳбарлари ва уларнинг оиласига нисбатан ишлатилмаган.

Бо Силай Хитойнинг энг юқори лавозимларига номзод сифатида кўриб келинган. Бироқ хотинига нисбатан жиноий иши очилгач, омма олдида кўриниш бермай қўйган.

Кузатувчиларга кўра, бу иш орқали айнан Би Силай нишонга олинган. Гу Килай ҳам "Хитойнинг биринчи аёли" бўлиш имкониядан бутунлай маҳрум бўлган.

Март ойида Бо Силай Чунцин шаҳар қўмитаси котиблигидан озод қилинган ва "тартибни бузганлиги" учун текширув ишлари бошланган.

Бо Силай хотинининг жиноий ишига алоқадор, деб айтилмаган.

Яқин ойларда Хитойда мамлакат раҳбарияти ўзгариши ва сиёсий бюронинг 10 аъзосидан етти нафари нафақага чиқиши кутилмоқда. Бу ҳар 10 йилда ўтқазиладиган Коммунистик партия съездида аниқ бўлади

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.