BBC navigation

Покистонда шаккокликда айбланган ёш қизнинг иши ўрганилмоқда

Сўнгги янгиланиш 20 август 2012 - 14:14 GMT

Покистонда шаккокликда айбланганларни жуда оғир жазо кутади.

Покистон президенти Осиф Али Зардорий Қуръонни ёқишга уринган 11 ёшли қизнинг иши бўйича тергов жараёнига қизиққан.

Полицияга кўра, Даун синдроми билан оғриган қиз ўтган ҳафтанинг охирида Исломободнинг насронийлар яшайдиган туманда ҳибсга олинган.

Полиция шу тариқа уни ғазабланган оломондан қутқариб қолган.

Полиция қизнинг ота-онаси хавфсизлиги борасида ҳам чоралар кўришига тўғри келган.

Тумандаги кўпчилик насронийлар тартибсизликлар бошлангач, айбдорни жазолашни талаб қилган аҳолидан қўрқиб бошқа жойга кетишган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Покистон ҳукуматидан шаккоклик ҳақидаги қонунга ўзгартириш киритишни талаб қилиб келишади.

Покистон қонунларига биноан Қуръонга шаккоклиги туфайли бир умрлик қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Шу билан бирга шаккокликда айбланганлар омма томонидан қатл қилиниши тез-тез содир бўлиб туради.

Июл ойида ғазабланган оломон даҳрийликда айбланган ақлан ожиз кишини полиция идорасидан чиқариб олиб, ёқиб юборишган.

Ўтган йили миллий озчиликлар иши бўйича вазир Шабхаз Бхатти қонунга ўзгартириш киритишга чақиргани учун ўлдирилган эди.

Панжоб ҳокими Салмон Тасирнинг қисмати ҳам шу каби кечган.

Бироқ Исломободда ушланган 11 ёшли қиз Қуръон саҳифасини ёққанми ёки уни йиртиб олиб ёқмоқчи бўлганми, номаълум.

Полициянинг сўзига қараганда, айбланувчи берилган саволларга тайинли жавоб қайтаролмаган.

"Маълумотларга биноан, ақлан носоғлом айбланувчи қўлидаги чиқиндилар солинган елим халтада Қуръон саҳифалари ҳам бўлган. Бу маҳаллий аҳолини ғазабга келтирган. Лекин у буни атайлаб қилмаган бўлиши мумкин",- деб айтган Миллий келишув вазири Пол Бхатти.

Инсон ҳақлари фаоллари қизни ҳибсга олинишини қоралашган. "Бу иш болалар жинояти бўйича қонунлардан келиб чиқиб ўрганилиши керак",- деб таъкидлашган улар.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.