BBC navigation

Багром базасида АҚШ генерали учоғига зарар етказилган

Сўнгги янгиланиш 21 август 2012 - 13:31 GMT

Жангарилар халқаро кучлар жойлашган масканларга ҳужум қилиши илгари ҳам кузатилган

Афғонистондаги НАТО ҳарбий базасига жангариларнинг ракета ҳужуми у ерга сафар қилган Америка генерали учоғига зарар етказган.

НАТО қўмондонлари штабининг раиси генерал Мартин Демпсей ракета ҳужуми пайтида учоқда бўлмаган, бироқ икки нафар техник ходим жароҳат олишган.

Ракета ҳужуми душанбадан сешанбага ўтар кечаси Багром ҳарбий базасида юз берган.

Генерал Мартин Демпсей Афғонистондаги НАТО аскарларига афғон хавфсизлик ходимларининг ҳужумларини муҳокама қилиш учун Багромга сафар қилган.

Генерал Демпсей ўтирган С-17 учоғи душанба куни Афғонистонга, Багромдаги ҳарбий базага келиб қўнган.

Афғонистондаги НАТО сўзчисининг айтишича, генерал сешанба куни эрталаб Афғонистондан бошқа учоқда учиб кетган.

"Генерал Мартин Демпсей учоқ яқинида бўлмаган. Биз жангариларнинг ҳужуми тасодифий эди деб ўйлаймиз",- деб айтган НАТО сўзчиси Томас Коллинс Рейтер агентлиги билан суҳбатда.

Исёнчилар Кобулдан тахминан 50 километр шимолда жойлашган Багром ҳаво базасига илгарилари ҳам ҳужумлар уюштиришган.

Икки йил муқаддам май ойида улар Багромга тўрт тарафдан мувофиқлаштирилган ҳужумни амалга оширишган ва натижада бир неча НАТО аскари яраланган эди.

Уч йил муқаддам содир этилган ўхшаш ҳужумда эса икки Америка аскари ҳалок этилган.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.