BBC navigation

Президент Обама: 'Нил Армстронг ҳамма замонлардаги қаҳрамонларнинг энг буюги'

Сўнгги янгиланиш 26 август 2012 - 10:21 GMT

Президент Барак Обама, "Нил Армстронг фақат ўз даврининг эмас, ҳамма замонларнинг қаҳрамони", деб ёзди.

82 ёшида вафот этган Ойга илк қадам қўйган фазогир Нил Армстронгни АҚШ Президенти Барак Обама ҳамма замонлардаги америкалик қаҳрамонларнинг энг буюги деб атаган.

Дунёга машҳур астронавтнинг 25 август куни оламдан ўтгани ҳақида унинг оиласи эълон қилган, унинг ўлимига август ойи бошида юрагида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейинги ёмонлашиш сабаб бўлгани айтилган.

Буюк фазогир бутун дунёда хотирланмоқда, таъзия изҳор этган АҚШ Президенти Барак Обама Твиттердаги ёзувида "Нил Армстронг фақат ўз даврининг эмас, ҳамма замонларнинг қаҳрамони", деб ёзган.

Америкалик астронавтлар Ойга 1969 йил 20 июлида қўнишга муваффақ бўлган эдилар.

"Апполо-11" кемасида павроз қилган астронавтлар Нил Армстронг, Эдвин Базз Олдрин ва Майкл Коллинзларнинг Ер йўлдошига қўнишлари Америка телевидениеси орқали тўғридан-тўғри намойиш этилган, бу тарихий сонияларни бутун дунё бўйлаб 500 миллиондан ортиқ киши томоша қилган эдилар.

Ойга оёғи теккач, Нил Армстронг айтган сўзлар ҳам машҳур бўлган: "Инсон учун кичик қадам, бироқ бутун инсоният учун улкан сакраш".

Табиатан тортинчоқ Нил Армстронг омма қаршисидаги машҳурликдан воз кечганди.

Нил Армстронг 1930 йил 5 августида АҚШнинг Охайо штатида туғилганди.

У болалигидан учувчиликка қизиқади, вояга етганидан кейин учувчилик касбини эгаллайди.

1962 йили АҚШ президенти Жон Кеннеди америкалик фазо мутахассислари олдига Ойга парвоз қилиш вазифасини қўяди, ўша йили Нил Армстронг астронавтларни тайёрлаш гуруҳига қабул қилинади.

1969 йил 20 июл куни Нил Армстронг ва Эдвин Базз Олдрин Ойга қадам қўядилар, унинг сатҳида АҚШ байроғини ўрнатадилар.

Фазогирлар ватанларида миллий қаҳрамонлардек кутиб олинади, улар бутун дунёга машҳур бўладилар.

Бироқ табиатан тортинчоқ бўлган Нил Армстронг омма қаршисидаги машҳурликдан воз кечади.

У ўзининг Охайо штатидаги фермасида яшайди, камдан-кам ҳолларда интервьюларга рози бўлади, кейинроқ университетда дарс бера бошлайди.

Ой парвозидан қайтганларидан кейин астронавтлар Америка президентининг Эркинлик медали билан тақдирланган эдилар.

1999 йилда улар авиация соҳасидаги ютуқлари учун Ленгли медали билан мукофотланганлар.

2011 йил ноябрида Нил Армстронгга Конгресс Олтин медали топширилган, бу Америкадаги ҳарбий бўлмаган энг олий мукофот ҳисобланади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.