BBC navigation

Башар Ассад тузуми аввалгидек қудратли эмас

Сўнгги янгиланиш 28 август 2012 - 10:42 GMT

Башар ал-Ассад дунёда яккаланиб қолмоқда

Оврўпонинг зирҳли машиналар етказиб берадиган йирик компаниялари расмий Дамашқ сўровига рад жавобини бергач, Сурия ҳукумати бу борада Россия ва Хитойнинг тадбиркорларига мурожаат қилган.

Россия оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, Mercedes-Benz и BMW ширкатларидан сўнг Audi концерни ҳам Сурияга ҳимояланган машиналар етказишни рад қилган.

Audi ширкати расмийларининг Би-би-сига айтишича, суриялик ҳамкорлари билан алоқа 2011 йил декабр ойида тўхтатилган.

Mercedes-Benz машиналарини ишлаб чиқарувчи Daimler ширкати вакили Сурияга ҳарбий мақсадлар учун машина етказиб бериш кўзда тутилмаганини айтган.

Давлатларнинг "биринчи шахс"лари учун зирҳланган машиналарни етказиб бериш билан шуғулланадиган штаб-квартираси Бельгияда жойлашган Carat Duchatelet ширкати асосан Maybach, Bentley, Lexus, Mercedes-Benz, Rolls Royce маркали машиналар тижорати билан шуғулланади.

"2011 йилда Carat Duchatelet зирҳли Jaguar XJ Sentinel автомашинасини Британия бош вазири Дэвид Кэмерон учун етказиб берган.

Ширкат вакилларига кўра, россиялик бизнесменлар ҳам бу машина билан қизиқишган.

Яқин Шарққа зирҳли машиналарга талаб Ироқ уруши пайти кучайган.

Россиянинг "Армет" компаниясининг директори Степан Дорониннинг айтишича, Россиядан буюртма қилинган зирҳли машиналарга қўйиладиган нархлар Сурияга анча қимматга тушиши мумкин.

Rida ширкати вакили эса, ҳали Сурия ҳукуматидан ҳеч қандай талаб тушмагани, бироқ сиёсий вазиятдан келиб чиқиб рад қилиниши мумкинлигини билдирган.

Ўтган йилда Оврўпо Иттифоқи Суриянинг дастлаб нефтига, сўнгра олтин ва қимматбаҳо тошлар савдосига Оврўпода тақиқ чиқарган эди.

2011 йил Америкада Сурия ҳукумат аъзоларига тегишли банк рақамлари тўхтатилган.

Сўнгра Оврўпода ҳам президент Башар ал-Ассад ва унинг оиласига тегишли банк ҳисоблари музлатилган эди.

Суриядаги можаролар боис ўтган ойда мамлакат Ислом Конференцияси ташкилотидан чиқарилган.

Бундан олдин Араб Лигаси шундай йўл тутгани эълон қилинганди.

Суриядан келаётган охирги хабарларга кўра, ҳукумат тарафдори бўлган икки кишининг дафн маросимида миналаштирилган автомобил портлаши натижасида 12 киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар яраланган.

Портлаш Дамашқнинг жануби-шарқидаги Жараман туманида юз берган.

БМТнинг ҳисоботида келтирилишича, Суриядан қўшни Иордания,Ироқ, Ливан ва Туркияга қочиб ўтганларнинг сони 214 минг кишига етган.

Мамлакатдаги кейинги нотинчликлар боис уларнинг сони янада ошиши мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.