BBC navigation

Нега Президент Илҳом Алиев Эронга бормади?

Сўнгги янгиланиш 29 август 2012 - 16:25 GMT

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Теҳрондаги Қўшилмаслик Ҳаракати саммитида иштирок этиш таклифини рад этган.

Июл ойида тарқалган хабарларда жаноб Алиев Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежотнинг Қўшилмаслик Ҳаракати саммитида қатнашиш таклифини қабул қилгани айтилган эди.

Бироқ энди Бокудаги ҳукумат эълон қилишича, 30-31 август кунларига мўлжалланган Теҳрондаги саммитда Озарбайжонни Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяров тақдим этади.

Шу кеча-кундузда Президент Алиев Беларусда ва у саммитда қатнаша олмайди, деб айтишган Озари расмийлари.

Аммо таҳлилчилар фикрича, бу Боку билан Теҳрон ўртасидаги дипломатик муносабатлар ёмонлашганининг яна бир белгисидир.

120 мамлакат вакиллари иштирок этадиган Қўшилмаслик Ҳаракатининг саммити Эроннинг Ғарб билан муносабатлари нафақат ядровий дастури ва Суриядаги режимни дастаклаётгани туфайли, балки Озарбайжондек қўшнисининг Исроил билан қалин муносабатлари ўзароқ алоқаларни совутган бир пайтда бўлиб ўтмоқда.

Таранглик

Боку билан Теҳрон муносабатларининг таранглашишига Эрон айбдор. Эрон Озарбайжоннинг ички ишларига аралашаяпти ва босим ва таҳдидлар кўрсатаяпти”, дейди Би-би-си Озари хизмати билан суҳбатда бокулик сиёсий таҳлилчи Габил Ҳусейнли.

Жаноб Ҳусейнли айтишича, Озарбайжон “Эрон томонидан режалаштирилган террорчилик ҳужумларининг олдини олган”. У, шунингдек, Эронни икки Озари шоирни гаровда ушлаб турганликда айблайди.

Боку билан Теҳрон ўртасидаги таранглик ортишига шу йил май ойида Эронга сафар қилган икки озарбайжонлик шоирнинг ҳибсга олингани сабаб бўлганди.

Фарид Ҳусейн билан Шаҳриёр Ҳожизода устидан маҳкама ҳукмининг Эронда сентябр ойида эълон қилиниши кутилаяпти.

Эрон матбуоти икки Озарининг жосусликда айбланаётгани ҳақида хабар тарқатаётган бир пайтда Теҳрон расмийлари уларга қандай айбловлар қўйилганини очиқлаётганлари йўқ, фақат “икки Озарбайжон фуқароси Эронда жиноятга гижгижалаган” деган баёнот билан чекланмоқдалар.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги шоирларни озод қилиш талаби билан Теҳронга бешта дипломатик нота йўлладилар ва озарбайжонлик дипломатлар Эрон амалларини “инсонларни гаровга олиш” дея таърифладилар.

28 август куни 22 Озарбайжон фуқароси устидан маҳкама бошланди, улар Бокудаги АҚШ ва Исроил элчихоналарига террорчилик хуружларини режалаштиришда айбланмоқдалар.

Эрон Инқилобий Гвардиясига алоқаси бор деган гумон билан икки киши шу йил март ойида Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган эди.

Рамазон ифторлиги

Габил Ҳусейнли ўйлашича, Президент Алиевнинг Эрондаги саммитда иштирок этмаслик қарори Боку билан Теҳрон ўртасидаги алоқаларнинг янада таранглашишига олиб келиши мумкин.

Ўтган ой Озарбайжон президенти ташкил қилган Рамазон ифторлиги базмида на Эроннинг Озарбайжондаги элчиси, на элчихонанинг бирор вакили иштирок этган.

Бу нарса Озарбайжон ҳукуматига яқин оммавий ахборот воситаларида танқидларга ҳам учради.

Эрон элчилигининг махсус баёнот билан чиқишига тўғри келди, баёнотда Эронда дипломатларининг ифторликда кўринмаганлари сабаби таклиф этувчи томон билан “етарли мулоқот йўлга қўйилмагани”да деб айтилган.

Теҳрон билан Боку ўртасидаги муносабатлар шу йил бошларида Озарбайжон Исроилдан 1,6 миллиард долларлик қурол-яроғ сотиб олгани ҳақидаги хабарлар ортидан ёмонлашгани кузатилди.

Эрон Озарбайжонни ўз ҳудудидан Исроил жосусларининг фойдаланишига изн берганликда айблади. Боку ва бошқа шаҳарларда эса ўнлаб Озари фаоллари Эрон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб қўлга олиндилар.

Озарбайжон ҳукуматининг қизларнинг мактабларга ҳижоб ўраб боришларини тақиқлаш қарори ҳам Эронни ғазаблантирди.

Шунингдек, Эрон Озарбайжонда “Оврўнигоҳ” қўшиқ танловини ўтказишга рухсат берилганидан норозилигини билдирди, бу каби томошаларнинг исломий қадриятларга зид эканини айтди.

Таҳлилчиларга кўра, Эрон ўзининг йирик сондаги Озари миллатига мансуб аҳолисидан мамлакатда беқарорликларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мумкинлигидан хавотирланади.

Аҳолисининг аксари мусулмон, бироқ дунёвий давлатчилик йўлини танлаган Озарбайжон Эрон ўз ҳудудига исломий инқилобни экспорт қилишга уринади, деб чўчийди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.