BBC navigation

Эронда Қўшилмаслик Ҳаракати саммити бошланди

Сўнгги янгиланиш 30 август 2012 - 14:10 GMT

Миср президенти Сурия исёнчиларини очиқча дастаклашга чақирган

120 мамлакат вакиллари иштирок этаётган Қўшилмаслик Ҳаракатининг саммити Эрон Суриядаги режимни дастаклаётган пайтда бўлиб ўтмоқда.

Ушбу саммит Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Осиё давлатлари раҳбарларига мезбонлик қилаётган Эронга ўз мавқеъини билдириш имконини беради.

Саммитда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳам иштирок этмоқда.

Қўшилмаслик Ҳаракати Совуқ уруши пайтида Америка ва собиқ Совет Иттифоқи таъсирига қарши туриш мақсадида ташкил этилганди.

Ушбу ҳаракат ҳозирда ривожланаётган давлатларнинг сиёсий, иқтисодий , ҳарбий манфаатларини ҳимоя қилади.

Теҳронда ўтаётган икки кунлик саммит Қўшилмаслик Ҳаракатига Суриядаги урушни тўхтатиш йўлларини муҳокама этиш учун ҳам қулай фурсат дея кўрилмоқда.

Муҳаммад Мурсий 1979 йилдан буён Эронга ташриф буюрган биринчи Миср раҳбари бўлган. Миср Исроил билан тинчлик шартномасини имзолагани Эрон билан алоқаларига путур етказган эди.

Саммитда чиқиш қилган Миср президенти Муҳаммад Мурсий ўз нутқида Ҳаракат аъзоларини Суриядаги исёнчиларни очиқча дастаклашга чақирди:

"Сурия халқи қўзғолонини дастаклашга биз маънавий бурчлимиз",-деб айтган Мурсий жаноблари.-"Биз ҳаммамиз Сурияда озодлик ва адолатни излаётган инсонлар билан бирдам эканлигимизни эълон қилишимиз керак".

Муҳаммад Мурсий Сурия ҳукуматига қарши курашаётган ҳаракатни фаластинликларга қиёс қилган. Миср президентига кўра, уларнинг иккаласи ҳам "озодлик ва ўз ҳуқуқи учун курашмоқда".

Унинг бу чақириғи Сурия хайъатининг саммитдан чикиб кетишига сабаб булгани хабар қилинади.

Бироқ Эрон матбуоти бу хабарларни рад қилган.

Қоҳирадаги Би-би-си мухбири Жон Лейннинг айтишича, жаноб Мурсийнинг сўзлари афтидан ҳам Сурия ва ҳам Эрон сиёсатчиларини дарғазаб қилган бўлиши мумкин.

Сурия ҳукумати террорчиларга қарши жанг қилаётганини айтса, Эрон Башар ал-Ассад ҳукуматини дастаклаб келади.

Аммо исёнчиларнинг Фаластин халқи билан тенглаштириш Фаластинни ҳар томонлама дастакловчи Эронга умуман ёқмаслиги табиий, дейди Би-би-си мухбири.

Саммитда шунингдек, Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий сўзга чиқиб, мамлакати ядро қуролини яратишга интилмаётганини, АҚШ Эронга қарши таҳдидлари билан бутун дунёни қўрқувгв солаётганини айтган.

"Эрон Ислом Республикаси атом қуролига эга бўлишга интилмаяпти. Бундай қуролга эга бўлиш кечириб бўлмас гуноҳдир",-деб таъкидлаган Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.