BBC navigation

Лондон университети хориж талабаларини қабул қилмайди

Сўнгги янгиланиш 30 август 2012 - 10:21 GMT

Метрополитен университетида 30 мингга яқин талабалар билим олишади


Метрополитен университетининг Оврўпо Иттифоқи доирасидан ташқари мамлакатлардан келувчи талабаларни ўқитиш лицензияси тўхтатилган.

Бунинг натижасида қариийб 2 мингга яқин чет эллик талаба Британиядан ўз мамлакатига депортация қилиниши мумкин.

Британия чегара агентлиги университетнинг оврўполик бўлмаган талабаларни ўқитиш ва уларни виза билан таъминлашга кўмак бериш ҳуқуқини бекор қилган.

Британия университетларидан бундан олдин ҳам хориж талабаларини рўйхатга олишда йўл қўйган камчиликлари учун лицензиялари олиб қўйилган ҳоллар кузатилган.

Бироқ ҳукумат томонидан бирор бир университетнинг Оврўпо Иттифоқидан ташқари мамлакатлардан талаба қабул қилиш ҳуқуқи бутунлай бекор қилиниши биринчи бор юз бермоқда.

Метрополитен университети йўл қўйган камчиликлар тафсилоти айтилмаган.

Фақат Чегара агентлигидан маълум қилинишича, университет фаолиятида ярим йил олдин аниқланган жиддий ва доимий камчиликлар бартараф этилмаган.

Ҳукумат ҳужжатларида қайд этилишича, Метрополитен университетида 61 фоиз хориж талабаларини рўйхатга олиш билан боғлиқ камчиликлар борлиги аниқланган.

Чет эллик талабаларга бошқа университетлардан ўрин ажратишга кўмаклашиш Ишчи гуруҳи ташкил этилган.

Лондон шимолида жойлашган Метрополитен университетида 30 мингга яқин талабалар таълим олишади.

Айни пайтда Британиядаги Талабаларнинг миллий иттифоқи Бош вазир Дэвид Кэмерон ва Ички ишлар вазири Тереза Мэйга қабул қилинган қарордан норозилик мактуби юборган.

Талабалар Иттифоқига кўра, ушбу қарор Британиянинг бутун Олий таълим тизимига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Оврўпо Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлардан келган талабалар томонидан давлат хазинасига бир йилда 12,5 миллиард фунт маблағ тушади.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.