BBC navigation

Озарбайжон арман офицерининг қотилини авф қилгани қораланмоқда

Сўнгги янгиланиш 1 сентябр 2012 - 14:33 GMT

Равил Саваров Венгрияда қотиллик учун 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди

Арманистон фуқаросини ўлдирганлиги учун бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Рамил Сафаров Венгриядан ватанига эстрадиция қилингач, Озарбайжон ҳукумати томонидан оқланади.

Америка расмийлари қотилнинг авф этилишидан жуда ҳайратда эканлигини билдиришган.

Арманистон президенти Серж Саркисян бу воқеадан сўнг Хавфсизлик Кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирган.

Венгрия ҳукуматининг экстрадициясидан сўнг Арманистон бу мамлакат билан дипломатик алоқаларини тўхтатганлигини маълум қилади.

Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ можароларидан сўнг ўзаро муносабатларга чек қўйган эди.

Озарбайжон ҳукумати Рамил Сафаровга нисбатан авфни мамлакат қонунларидан келиб чиқиб амалга оширгани, ноқонуний ҳеч бир иш қилмаганини билдирган.

Олдинроқ Венгрия ҳукумати Озарбайжон расмийлари маҳкум Бакуда жазо муддатини давом эттиришига ваъда беришгани, бироқ президент Илҳом Алиевнинг фармони билан авф этилганидан таажжубда эканини айтган.

Озарбайжон ахборот агентликларининг хабар беришича, Рамил Сафаров ўз ҳарбий хизматига қайтган ва унга майор унвони топширилган.

2006 йилда Будапешт маҳкамаси Венгрияда НАТОнинг " Тинчлик мақсадидаги ҳамкорлик" лойиҳаси асосида ўқув машқлари ўтаётган озарбайжон офицери арманистонлик хизматдошини болта билан ўлдиргани учун бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Рамил Сафаров Гурген Маркарянни 2004 йил феврал ойида болта билан чопганини тан олган.

Ўтган йиллар давомида Озарбайжон Рамил Сафаровни ватанига қайтаришга ҳаракат қилиб келган.

Венгрия ва Озарбайжон ҳам аъзоси ҳисобланган Конвенцияга мувофиқ, маҳкумларни белгиланган шароитлар остида бошқа давлатга бериш мумкин ва ўша ерда жазо муддатини давом эттириши кўзда тутилади.

Венгрия Адлия вазирлигига кўра, 30 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Сафаровни Озарбайжонга чиқаришда ана шу қонунларга амал қилинган ва бу иш Будапешт маҳкамаси томонидан ёпилган.

Арманистон Рамил Сафаровнинг авф этилишидан ғазабга келган.

Арманистон парламентининг сўзчиси Эдуард Шармазановнинг сўзларига кўра, "Озарбайжоннинг бу ҳаракати арманларга нисбатан нафратнинг давлат даражасига олиб чиқилганини кўрсатади".

"Ухлаб ётган арман офицерини чопиб ташлаган қотилнинг оқланиши арманнинг ўлими жиноят эмас, деган маънони англатади ва бошқа жиноятчиларга ҳам йўл очиб беради", -деб айтган Арманистонлик фаол Лариса Алавердян.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.