BBC navigation

ПКК билан жангларда ўн нафар турк аскари ҳалок бўлди

Сўнгги янгиланиш 3 сентябр 2012 - 11:47 GMT
Турк аскари

Туркия армияси ва курд исёнчилари ўртасидаги жанглар охирги ойларда яна кучайди

Туркия расмий манбалари тарқатган хабарга кўра, мамлакат жануби-шарқидаги Ширноқ вилоятида курд исёнчилари билан бўлган тўқнашувларда 10 нафар турк аскари ўлдирилган.

Сурия ва Ироқ чегараларига яқин ҳудудда юз берган тўқнашувда шунингдек 20га яқин курд жангариси ҳалок этилган, деб айтган Ширноқ ҳокими Ваҳдетдин Ўзкан.

Якшанбадан душанбага ўтар кечаси бошланган жанглар ҳозирда ҳам давом этмоқда.

Туркия армияси ва курдлар мустақиллигини талаб қилаётган Курдистон Ишчилар Партияси (ПКК) исёнчилари ўртасидаги тўқнашувлар минтақада охирги бир йилда кучайди.

Турк оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, якшанба кечаси автоматлар ва гранатамётлар билан қуролланган исёнчилар Бейтушшебап шаҳри яқинидаги полиция ва ҳарбийлар қароргоҳига ҳужум қилганлар.

Тўққиз нафар хавфсизлик ходими ҳалок этилган, яна бир нафари шифохонада оламдан ўтган, дея хабар беради маҳаллий матбуот.

Жангларда яна етти нафар инсон яраланган.

Сабаблардан бири - Сурия

Ширноқ ҳокими сўзларига кўра, исёнчилар мамлакат жануби-ғарбидаги бир неча текшириш нуқтасига бир вақтнинг ўзида ҳужум қилганлар, дея хабар беради "Анадўли" давлат ахборот агентлиги.

Ваҳдетдин Ўзканнинг илова қилишича, ҳужумларга жавобан Туркия армияси кенг кўламли амалиётни бошлаган.

ПКК Курдистон давлатини қуриш учун 1984 йилда партизанлар курашини бошлаган эди. Дастлаб Марксизм ғоялари билан йўғрилган таълимотга асосланган ПКК Туркия, Ироқ, Сурия ва Эрон ҳудудларида Курдистон мамлакатини барпо этишни мақсад қилганди.

1999-йилда ПКК раҳбари Абдулла Ўжалан ҳибсга олиниши ортидан партия расман Маркс ғояларидан воз кечди ва кўпроқ маданий мухторият ва тил ҳуқуқлари ҳақида гапира бошлади.

Қуролли тўқнашувларнинг охирги ойларда кучайишини таҳлилчилар Суриядаги тартибсизликларга боғлашади.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи ПККни террорчи ташкилот деб ҳисоблайди.

Анқара Сурияни ПККга дастак беришда айблайди.

Бир ой муқаддам курд исёнчилари Туркиянинг Сурия билан чегарадош Ҳаккари вилоятида армия постини ракета ҳужумига тутишди.

Яқинда расмий Анқара ПККни Ғазиантеп шаҳрида портлашни содир этишда айблади. Портлаш натижасида тўрт бола дохил 10 инсон ҳалок бўлганди. Бироқ ПКК мазкур ҳужумга алоқаси йўқлигини айтади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.