BBC navigation

Ҳиндистондаги Гитлер дўкони Исроилнинг ғазабини тоширмоқда

Сўнгги янгиланиш 4 сентябр 2012 - 10:18 GMT
Гитлер дўкони

Ҳиндистонда Гитлер дўконининг очилиши Исроил норозилигини уйғотган.

Исроиллик юқори мартабали дипломатнинг Би-би-сига айтишича, Ҳиндистондаги Гитлер номи остида очилган янги кийим-кечак дўкони бутун дунё бўйлаб яҳудийларнинг кўнгилларини оғритган.

Исроилнинг Мумбайдаги Бош консули Орна Сагив хонимга кўра, бу каби "ўйламай-нетмай" қўйилган номдан "буткул ҳайрат"да қолган.

Дўкон бундан ўн кун бурун Гужарот штатининг Аҳмадобод шаҳрида очилганди.

Дўкон соҳибининг айтишича, Адолф Гитлернинг ким эканидан буткул бехабар бўлган.

Унга кўра, дўконини бизнес ҳамкорининг қаттиққўллиги учун ҳамма "Гитлер", деб кетган бобосининг исми билан атаган, холос.

"Бепарволик, бефарқлик"

Орна Сагив хоним келаси ҳафта Гужаротга аввалдан режаланган сафари чоғида ушбу масалани штат раҳбарияти билан муҳокама этиб олмоқчи.

"Мен дўконга Гитлер номи ғаразсиз мақсадда берилган, деб ўйламайман. Назаримда, бу – фақат бепарволик ва совуққонлик натижаси," деб айтган юқори мартабали исроиллик дипломат.

Дўкон соҳиби Ражеш Шоҳ эса, одамларни хафа қилганидан ҳайрон эканини айтмоқда.

"Дўконимнинг номи кимларнидир шунча безовта қилиши хаёлимга ҳам келган эмас", дейди у.

Унинг айтишича, фақат дўконини очганидан кейингина Гитлернинг олти миллион яҳудийнинг умрига зомин бўлганидан хабар топган, холос.

Ражеш Шоҳга кўра, агар кетадиган сарф-харажатларини тўлаб қўйишса, дўконининг номини Гитлердан бошқасига ўзгартиришга рози.

Унинг айтишича, ёрлиқлар, реклама тахтаси ва бизнес карточкалар учун қарийб 3.000 АҚШ доллари сарфлаб қўйган.

Гитлер номи эса, дўкон пештоқига катта-катта ҳарфлар билан ёзилган ва "i" ҳарфидаги нуқтанинг ўрнига нацистлар свастикасининг акси туширилган.

Мухбирларга кўра, Ҳиндистонда ўтган аср ўрталарида дунёни Иккинчи Жаҳон уруши гирдобига тортган Олмон диктаторини хушловчилар сони ҳозирча оз бўлса-да, аммо ортиб бормоқда.

Адолф Гитлернинг ҳаёти ва нацистлар тарихига оид китоблар ҳинд жамиятининг муайян қатлами, айниқса, кўпчилик ёшлар орасида ўз ўрнини топиб улгурган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.