BBC navigation

Россиялик тақирбош миллатчилар билан Би-би-си мухбири учрашуви

Сўнгги янгиланиш 4 сентябр 2012 - 12:14 GMT
Миллатчилар

Рус миллатчилари Марказий Осиё ва Қафқозлик муҳожирларга қарши кўплаб ҳужумларни содир этганлар

Россияда бир неча ой давом этган мухолифат намойишлари Путин сиёсатига қарши бўлган либерал русларга ўз қарашларини билдириш имконини берди. Бироқ, кўчаларга биргина улар чиққани йўқ. Эътироз маршларида бўлганлар орасида бошқа гуруҳлар, жумладан ўта ўнг қанот миллатчилар ҳам бор эди.

Йиллар давомида Россияга қилган кўплаб сафарларим жараёнида мен турфа тоифадаги руслар билан учрашганман.

Суҳбатдошларим орасида Сибир совуғи сингари ҳаётга ўта кесин муносабатда бўлганлар ҳам бор эди...

Улар ўзларини скинхедлар, яъни тақирбошлар деб аташади. Гарчанд тақирбошларга эндиликда сочларини устара билан олиб юриш мажбурий эмасада.

Охирги йилларда тақирбошлар Россиянинг турли минтақаларида муҳожирларга кўплаб ҳужумлар қилиб, ном чиқаришди. Кўплари қамоққа ташланди. Улардан баъзилари озодликка чиқди.

Максим ана шундай собиқ маҳкумлардан бири.

Биз Москвадаги бургер ресторани боғчасида учрашдик.

Атрофимизда ёш болалар чуғурлаб у ёқдан бу ёққа елиб югиришарди.

Шояд бу ер миллий адоват асосида жиноятлар содир этган тақирбош билан учрашиш учун мос бўлмаса, деган фикр кечди менда. Боз устига унинг лақаби ҳам қўрқинчли - "Тесак", яъни "Кесар".

Бургерини чайнаши ва унинг ёнида ўтирган ва кўринишидан анчайин хавфли икки ёш йигитга қарашлари билан у менга қанчалар қўрқинчли ва баджаҳл эканини кўрсатиб қўймоқчидек эди.

"Мен муҳожирлар махсус геттоларда яшашлари керак деб ўйлайман," деди "Кесар".

Кейин қўнжинидан ханжарини чиқарди.

Мен "ҳозир юзини бужмайтириб, кулади" деган ўйда унга қарадим. Адашган эдим. "Тесак"нинг қошлари чирмайди. Кейин ёнида ўтирган йигитлари қулоғига бир нарсаларни пичирлади. Улар эса хихилаб кулишди.

"Буни бирон марта бўлсин ишлатганмисан?" деб сўрадим уни суҳбатга қайтариш умидида.

"Мен сенга бунақа аҳмоқ саволлар бермагин, деб айтувдимку," деди у ханжарни қайтиб қўнжига тиқаркан.

"Тесак" яна имо қилди. Улар эса яна тиржайишди.

Унинг бу сўзлари мени Москвага келишимдан олдин томоша қилганим бир видеони ёдга солди. Унда ўрмон ичига олиб кетилаётган ё Марказий Осиёлик ёки Қафқозлик йигит тасвирланганди. Видео қўрқинчли филмларга ўхшаса-да ҳақиқий эди.

Видеода афтидан кейинроқ киритилган қичқириқ овозлари ҳам бор. Кўп ўтмай йигит қўл оёғи боғланиб, ўлдирилади. Унинг қай тарзда қатл этилганини томоша қилиш жуда оғир. Видеони ўрганиб чиққанлар менга тасвирларнинг ҳаққоний, қотилларнинг эса ўта ўнг қанот миллатчилар эканини айтишди.

Афтидан ҳеч кимда бу видоени веб саҳифадан олиб ташлаш қудрати ёки истаги йўққа ўхшайди.

Қонунсиз Россиядаги ҳаётнинг бир кўриниши.

Мамлакатда гўёки қуролли ултра-миллатчиларга қонун тизгини деярли тўлалигича бериб қўйилганга ўхшайди.

Миллатчиларнинг барчаси "Кесар" сингари муҳожирларга қарши қарашга эга, аммо яхшироқ таълим олганлари ўз кампанияларини самаралироқ йўлга қўйишган.

Роман бўлғуси ҳуқуқшунос. У божхона зобити бўлишни истайди. У бўш вақтларини ертўлаларда юриб, у ерларда яшаётган муҳожирлар ҳужжатини текшириш билан тўлдиради.

Дмитрий эса адвокат. У дам олиш кунларини оиласи билан эмас, шаҳардан ташқарида тўппонча отишни ўрганиш билан ўтказади. Агар керак бўлса, у муҳожирларни ҳам нишонга олишга тайёр эканини айтади.

Мен гапдон нео-нацист "Нилс" билан ҳам учрашдим. У хорижда экан Ницше таълимотини ўрганган. Ўзини олий ирққа мансуб деб билади.

Суҳбатларда мен нима учун бу инсонларда бундай қарашлар шаклланганини тушунишга ҳаракат қилдим.

"Улар шундай дунёга келишганми? Улар оқ танли бўлмаган инсонни кўнгилни ёзиш учунгина калтаклашга қодирми?" - деган саволларга жавоб изладим.

Уларнинг ҳаммаси савол ёқмаса, суҳбат мавзусини ўзгартиришарди. Жилмайиб турган юз бирдан бужмайиб, жиддийлашар ва бир маъно бера бошларди - мавзуни ўзгартир.

Мен билан учрашган одамларнинг умумий жиҳатлари кўп эди. Улар ичишмайди, ароққа мубтало бўлган Россиядан ва, ўзлари айтмоқчи, сабрли кўп маданиятли жамиятни дастаклаган Путиндан нафрат қилишади.

Яна бир нарса. Уларда "ҳазил" тушунчаси умуман йўқ.

Россиядаги ашаддий миллатчилар фақат Славянлар яшаган, мудҳиш ва қоронғу дунёни исташади.

Улар интернет орқали ўз сафларига ёшларни жалб қилишлари мумкин. Улар ўзлари истамаган одамдан қутулиш учун қонунни бузишлари мумкин. Улар ўсиб бораётган сиёсий кучга айланишлари. Буни айтиш қийин.

Аммо улар Россияга эгалик қилишмайди. Гарчанд кўплаб россияликларда миллатчилик кайфияти кучли эса-да, уларнинг аксари скинхедлар истаган ғояларнинг жорий этилишига ҳеч қачон йўл қўйишмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.