BBC navigation

Миср: Хотин-қизларга қарши жинсий тегажоқликлар эпидемия даражасига етган

Сўнгги янгиланиш 6 сентябр 2012 - 12:20 GMT

Маҳаллий фаолларга кўра, эркаклар томонидан жинсий тегажоқликлар Мисрда хотин-қизлар кундалик ҳаётларининг ажралмас бир қисмига айланиб улгурган.

Қоҳирада бўлган мухбиримиз Бетани Беллнинг айтишича, айрим ҳолларда бу каби тегажоқликлар безори тўдаларнинг ҳужумларига ўхшаш тус олиш даражасига ҳам борган.

Дейлик, ўтган қиш бир гуруҳ эркаклар Александрия шаҳрида бир маҳаллий аёлга ҳужум қилишган.

Интернетга қўйилган видео тасвирдан уларнинг аёлни елкаларига опичлаб олишгани, ерда судрашгани ва бақир-чақирлари қурбонлари овозини босиб кетганини кўриш мумкин.

Бир қарашда эркаклардан қай бирининг аёлга ёрдам бераётгани ва бошқасининг унга зўравонлик қилаётганини илғаш қийин.

Бу – эркаклар томонидан хотин-қизларга қарши зўравонликларнинг энг учига чиққан кўриниши, албатта.

Аммо Мисрда олиб борилган турли сўров натижаларига қаралса, хотин-қизларнинг кўпчилиги ҳар куни жинсий тегажоқликларга рўбарў келишади.

Марва(асл исми ўзгартирилган)нинг айтишича, у ер, бу еридан ушлашлари ёки уятсиз сўз айтишларидан қўрқиб, бирор жойга боришга ҳам юраги бетламайди.

“Мен эркакларнинг бу каби хатти-ҳаракатлари туфайли кўчага чиқишга ҳам қўрқиб қолганман. Бирор ерга борадиган бўлсам ҳам, уларнинг эътиборини тортмаслик учун, имкон қадар сипо кийинишга ҳаракат қиламан”, дейди у.

'Чуқур илдиз отган муаммо'

Иккимиз учрашганимизда Марва бошига ияги остидан қилиб танғилган узун ҳижоб, устига эса, кенг-мўл кўйлак билан ҳалпиллаб турган шим кийиб олганди.

Маҳаллий фаоллардан Дина Фариднинг айтишича, ҳозир бу каби ёпиқ уст-бошлари ҳам хотин-қизларни ҳимоя қила олмайди.

Унга кўра, ҳатто, кўзларидан бошқа ҳамма ерларини ёпиб турувчи ниқобда бўлган хотин-қизлар ҳам зўравон эркакларнинг нишонига айланишмоқда.

"Ҳозир қандай кийимда эканингизнинг умуман фарқи бўлмай қолган. Мисрлик хотин-қизларнинг кўпчилиги ниқобда юришади, аммо, шунга қарамай, улардан аксарияти жинсий тегажоқликларга дучор бўлишган”, дейди у.

Миср Хотин-қизлар ҳуқуқлари маркази томонидан 2008 йилда олиб борилган сўров натижаларига қаралса, мамлакат хотин-қизларининг 80 фоиздан ортиқроғининг бошига шундай кунлар тушган ва улардан аксари ҳужумга учраган пайтларида исломий уст-бошда бўлишган.

Қоҳирадаги Америка университетидан бўлган социолог Саид Содиқнинг айтишича, ушбу муаммо Миср жамиятида чуқур илдиз отган.

Унга кўра, бу каби ҳолатлар 60-йиллар охирларидан бошлаб Мисрда кучая бошлаган исломий анъанадорлик ва эски патриархал қарашларнинг уйғунлигини ўзида акс эттиради.

“Диний фундаментализм кучайган. Шу сабабдан ҳам, эркаклар хотин-қизларни нишонга олишни бошлашган. Улар аёлларни ишдан олиб, уйга қайтаришни исташади”, дейди социолог.

"Патриархал маданият аёлларнинг эркаклардан устунлигини ҳазм қилолмайди. Чунки айрим аёллар олий таълим олиб, яхши ишлардан ишлаб, эркакларни ортда қолдириб кетишган. Шунинг учун ҳам, эркаклар мавқеъларини тенглаштириш учун уларга дуч келган жойда жинсий тегажоқлик қилишади”.

Жаноб Содиққа кўра, “Бу – фиръавнлар эмас, бадавийлар маданиятидир”.

Ҳам социолог ва ҳам фаолларга кўра, полиция кучлари хотин-қизларнинг жинсий тегажоқликлардан ҳимоя қилиш йўлида етарлича иш олиб боришмаётир.

'Қутқуга солувчи либос'

Жинсий тегажоқликлар қурбонларининг сони эса, ёшариб бормоқда.

Мен бу каби ҳолларнинг уяси бўлган Қоҳира марказидаги Қаср ал-Нил кўпригига бордим.

Бу ерда мусиқани баланд қилиб қўйиб олган бир гуруҳ ёш йигитларни учратдим.

Мен улардан яқинда хиёбонда содир бўлган худди шундай воқеа ҳақида сўраганимда, улар қизларнинг ўзлари ҳаммасига сабабчи эканликларини айтишди.

"Агар тўғри-тўғри кийинган бўлишганида, ҳеч ким уларга қўлини теккизмасди. Улар йигитларнинг эътиборини тортиш учун шу қабила кийинишади. Ҳатто, ниқобдагилари ҳам бизга кўз сузишади”, дейди улардан бири.

Йигитлардан бошқасининг айтишича, ҳатто, хотин-қизлар кенг ва тор ниқоб кийганига қараб ҳам фарқланади.

Унга кўра, тор ниқобда бўлгани эркакларнинг эътиборини жалб этиш мақсадида шундай қилган бўлади.

Ёш-ёш йигитларнинг бу тариқа фикрлаши эса, маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли бўлган Ҳамдий каби кўплаб мисрлик эркакларни даҳшатга олмай қўймаган.

“Мен оилам, онам, сингилларимни ўйлаб, бундан ниҳоятда хафаман”, дейди у.

"Ҳайит арафасида сингилларим билан шаҳарга тушгандик. Тиқилинчда кўзим чалғиган экан, аллақачон кимлардир сингилларимга тегажоқлик қилишни бошлабди. Бу – динимизга зид бир амал”.

Миср янги ҳукумати ушбу муаммога жиддий эътибор қаратаётганини айтса-да, аксарият маҳаллий фаоллар бошқача фикрдалар.

Қоҳира марказида истиқомат қилувчи Нансига ўхшаган аёллар учун бу – эркинлик масаласи.

"Мен кўчада одамга ўхшаб ва хавфсиз юришни истайман. Ҳеч кимнинг менга қўл теккизиш ёки тегажоқлик қилишга ҳаққи йўқ”, дейди у.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.