BBC navigation

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг яқин иттифоқчиси 'қора рўйхат'га тушади

Сўнгги янгиланиш 7 сентябр 2012 - 09:52 GMT

Америка Қўшма Штатлари Покистонда жойлашган ва афғон урушининг "асосий ижрочи"ларидан бўлган "Ҳаққоний" жангари тармоғини "террорчи ташкилотлар" рўйхатига қўшишга қарор қилган.

Америка томони Ҳаққоний гуруҳини энг ашаддий рақибларидан бири санайди ва раҳбари Жалолиддин Ҳаққоний бошига 5 миллион доллар мукофот пули ҳам тиккан.

Америкада чоп этилувчи "Нью Йорк Таймс" газетининг хабар беришича, бу ҳақдаги қарорнинг бугун эълон қилиниши кутилмоқда.

Америкалик мулозимлар ушбу масалани бир ойдан бери муҳокама этиб келишаётганди.

Аммо минтақадаги асосий иттифоқчилари бўлган Покистон билан сўнгги йилларда турли сабаблар туфайли ҳассослашиб қолган алоқаларини издан чиқаришдан ҳадиксирашаётганди.

Бироқ, сўнгги хабарлардан аён бўлишича, кеча тунда ушбу қарор тарафдорларининг қўллари баланд келган.

Уларга кўра, "Ҳаққоний" тармоғини "Террорчи ташкилотлар" рўйхатига киритиш - гуруҳнинг Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидан молиявий дастак олишларини қийинлаштиради.

Америка томони кексайиб қолган Жалолиддин Ҳаққоний бошчилик қилувчи ва узоқ йиллар Покистон, Саудия Арабистони Жосуслик Хизматлари, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодин билан ҳамкорлик қилиб келган "Ҳаққоний" тармоғини Афғонистондаги энг жангари исёнчи гуруҳлардан бири сифатида кўради.

"Нью Йорк Таймс" газети берган баҳога қаралса, Ҳаққонийлар жангариликдан ташқари, одам ўғирлаш, таъмагирлик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний контрабандаси билан шуғулланувчи бутунбошли империяни барпо этган шафқатсиз билан оиладир.

Покистонлик таҳлилчилар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг аксарияти ҳам сўнгги йилларда "Ҳаққоний" тармоғи паноҳи остида фаолият юритиб келаётганликларини айтишади.

Тармоқ Афғонистондаги Толибон ҳаракати билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади.

Расмий Вашингтон "Ҳаққоний" тармоғини Афғонистондаги қўшинларига қарши ҳалокатли ҳужумлар уюштиришда айблаб, Покистон ҳукуматини уларнинг бошпаналарини йўқ этишга ундаб келади.

Гуруҳнинг расман "террорчи ташкилотлар" рўйхатига киритилиши эса, Покистон ҳукуматига ушбу босимларни янада кучайтиради.

Аммо, таҳлилчиларга кўра, тармоқнинг аксарият лидерлари аллақачон якка ҳолда "қора рўйхат"га киритилганликлари боис, сўнгги қарорнинг амалдаги самараси сезиларсиз бўлиши мумкин.

Яқинда матбуотда АҚШ томонининг "Ҳаққоний" жангари гуруҳи аъзолари билан махфий музокаралар олиб боришганига оид хабарлар ҳам чиққанди.

Тармоққа қарши жанг

Агар расмий маълумотларга қаралса, халқаро иттифоқ кучлари биргина ўтган йилнинг ўзида афғон аскарлари билан ҳамкорликда Афғонистон шарқида "Ҳаққоний" тармоғига қарши беш юздан ортиқ ҳарбий амалиёт уюштиришган.

Тармоқнинг камида 20 раҳбари ўлдирилгани ва яна бир ярим мингга яқин аъзоси ҳибсга олингани хабар қилинади.

"Ҳаққоний" тармоғи Толибон билан бир сафда Афғонистонда жанг олиб бораётган учта йирик исёнкор гуруҳдан бири, аммо энг хатарлиси саналади.

Гуруҳнинг Афғонистонга худкушлик ҳужумларини олиб кирган ва қатор шов-шувли ҳужумлар ортида тургани ишонилади.

Яқинда тармоқ раҳбарларидан Сирожиддин Ҳаққоний эндиликда Покистонда бошпана топишларига ҳожат қолмагани, Афғонистонда бемалол фаолият олиб боришаётганини баён қилганди.

Покистон расмийлари "Ҳаққоний" тармоғи Афғонистонда ташкил топган гуруҳ, дейишади.

Бироқ вазиятни яхши биладиган журналистларга кўра, ташкилотнинг Покистонда чуқур илдизлари бор.

Бу эса, кўп йиллар давомида бу тармоқнинг Покистон Жосуслик хизматлари билан алоқаси бор, деган гап-сўзлар тарқалишига олиб келган.

Бу айбловларни расмий Исломобод буткул рад этади.

"Ҳаққоний" тармоғига қирқ йилча бурун, Афғонистоннинг собиқ Шўролар Иттифоқи томонидан ишғоли пайтида асос солингани айтилади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.