BBC navigation

Покистонда Қуръонни ёққанликда айбланган қиз озод қилинган

Сўнгги янгиланиш 7 сентябр 2012 - 08:36 GMT

Покистонда насронийлар қизни ҳимоя қилиб чиқишган

Покистон маҳкамаси шаккокликда айбланган 14 ёшли қизни гаров эвазига озодликка чиқарган.

Ҳакам Муҳаммад Аъзам Хон қизни 10,500 доллар эвазига озод қилинганини айтган.

Би-би-си мухбирининг айтишича, бу Покистонда шаккокликда айбланган кишининг гаров эвазига биринчи марта озод қилиниши ҳисобланади.

Икки ҳафта олдин полиция насроний динига мансуб қизни Қуръон саҳифаларини ёққанликда гумон билан ҳибсга олган эди.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Исломобод чеккасида яшовчи Римша Масих сумкасида муқаддас Қуръон китобининг йиртилган саҳифалари бўлган.

Ғазабланган оломон эса шаккоклиги учун уни жазолашни талаб қилиб келаётганди.

Отаси Римша ҳаёти ва ўз оиласи хавфсизлигидан хавотирда эканини айтган ва Покистон президентидан уни авф этишни сўраган.

Римша оиласи билан бир маҳаллада яшовчи кўплаб насронийлар тартибсизликлар бошлангач, айбдорни жазолашни талаб қилган аҳолидан қўрқиб бошқа жойга кетишган.

Таҳдидлар туфайли Римша оиласи полиция ҳимоясига олинган.

Қизнинг ҳимоячилари бу айбловлар ҳеч бир асосга эга эмаслигини айтишган.

Кўплаб халқаро ташкилотлар, Покистондаги насронийлар ақлан ноқис бўлган қизнинг ҳимоясига чиқишган эди.

Аммо бир гувоҳ маҳкамага "маҳаллий имом Холид Чиштийнинг қизалоқ сумкасига ёқилган Қуръон саҳифаларини қўяётганини кўрдим," деб айтганидан сўнг воқеа бошқача тус олган.

Полиция масжид имомини ҳибсга олган. Маълум вақтдан сўнг қизни озод қилишига тўғри келган.

Бироқ қизнинг ҳозир қаердалиги айтилмаган. Унинг оиласи маҳкама белгилаган пулни келтириши керак бўлади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Покистон ҳукуматидан шаккоклик ҳақидаги қонунга ўзгартириш киритишни талаб қилиб келишади.

Покистон қонунларига биноан Қуръонга шаккоклиги туфайли бир умрлик қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Шу билан бирга шаккокликда айбланганлар омма томонидан қатл қилиниши тез-тез содир бўлиб туради.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.