BBC navigation

'Толибоннинг таянч нуқталарида Африкадаги каби очарчилик ҳукмрон'

Сўнгги янгиланиш 8 сентябр 2012 - 09:27 GMT

Афғонистонда болаларнинг тўйиб овқат емасликлари билан боғлиқ аҳвол худди дунёнинг очарчилик ҳукм сурган ҳудудларидаги аҳволга тенг.

Бу каби хулосага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботида келинган.

Ҳисобот тафсилотларидан аён бўлишича, Афғонистон жанубида 30 фоизга яқин бола ўта нимжон аҳволда.

Халқаро ташкилот бошқа ёрдам ташкилотлари билан бирга ҳозир муаммонинг бор кўламини ўрганиш устида иш олиб бормоқда.

Агар тадқиқот натижаларига қаралса, Афғонистонда беш ёшдан кичик бўлган бир миллионга яқин бола тўйиб овқат емайди.

Ушбу муаммодан энг жиддий азоб чекаётган минтақалар сифатида эса, Толибоннинг таянч нуқтаси ва ўтган 10 йил ичида энг қақшатқич жангларга саҳна бўлаётган жанубий Қандаҳор ва Ҳелманд вилоятлари тилга олинади.

"Бизни шокка солгани - мавжуд вазиятнинг одатий башарий меъёрлардан ҳам бир неча баробар юқори экани бўлди", дейди халқаро ташкилотнинг Афғонистон бўйича махсус вакили муовини Майкл Кеатинг.

Унинг айтишича, бу каби ҳолат халқаро ҳамжамиятнинг шунча эътибори ва кўмаги остида турган давлатга эмас, Африка ва дунёнинг энг қашшоқ давлатларига хос бир кўриниш бўлиши керак.

Агар янги сўров натижаларига қаралса, Афғонистонда ўттизга фоизга яқин бола ўткир тўйиб овқатланмаслик муаммосидан азоб чекади. Агар бу рақам ўттиз фоиздан ошса, бу ўзи очарчилик нишонаси ҳисобланади.

Ейишга-ку овқат бор, аммо...

Аммо, айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, сўнгги рақамлар Афғонистон жанубида очарчилик ҳукмронлигини англата олмайди. Чунки Бирлашган Миллатлар томонидан белгиланган меъёрларга мувофиқ, ушбу масалада ўлим ҳоллари ва оилаларнинг озиқ-овқатга қанчалик имконли эканликлари ҳам инобатга олинади.

Мутахассисларга кўра, Афғонистон жанубида озиқ-овқат маҳсулотлари етарли. Аммо уларнинг қанчалик тўйимли экани жиддий муаммо экан.

Дейлик, айрим қашшоқ оилаларнинг қувватга бой озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилишга қурблари етмаса, бошқаларининг болани қандай овқатлантириш борасида билимлари паст. Бундан ташқари, ўткир ичак касалликлари ҳам болаларни ҳолдан тойдириб қўймоқда.

Кўмак ташкилотлари Афғонистонда тўйиб овқат емаслик сурункали муаммога айланиб қолганига кўникиб қолган эсалар-да, болалар истеъмол қилаётган маҳсулотларнинг қанчалик тўйимли экани билан боғлиқ бўҳроний вазиятдан ҳайратда эканликларини айтишмоқда.

Халқаро ташкилот вакилларига кўра, сўнгги тадқиқот ишлари батафсил олиб борилгани учун ҳам, энди ушбу масалага жиддий эътибор қаратилиши лозим.

Уларнинг айтишларича, муаммо шу қадар жиддийки, тўйиб овқат емаслик ҳолларининг олдини олиш учун вилоят марказларида ташкил этилган махсус тиббиёт марказлари эҳтиёжманд оилаларнинг жуда оз қисмига ёрдам бера олади, холос.

Бирлашган Миллатлар "ЮНИСЕФ" Болалар жамғармасининг Афғонистондаги ваколатхонаси мулозимларига кўра, асосий эътибор якка-якка оилалар эмас, умумий вазиятни ўнглашга қаратилмоғи лозим.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.