BBC navigation

Тожикистонлик муҳожир Владимир Путинга бағишлаб яна қўшиқ айтган

Сўнгги янгиланиш 8 сентябр 2012 - 08:28 GMT

Кузатувчиларга кўра, Путиннинг ҳар бир ҳаракати яхши бир сиёсий реклама саналади

Россия мухолифати 7 октябрда, Путиннинг туғилган кунида навбатдаги норозилик намойишини ўтказишни режалаб турганда, Россия президентига бағишланган қўшиқлари билан танилиб қолган тожик Толиб Қурбонхонов унга атаб янги қўшиқ ижро этган.

Интернетда эълон қилинган "ижод намунаси" Қурбонхоновнинг Путинга бағишланган учинчи қўшиғи ҳисобланади.

Қўшиқда "Буюк Ленинград, оддий Мария дунёга келтирган Владимир Россия тарихининг бир қисмига айланишини ҳатто тасаввур ҳам қилмаган эди" каби сатрлар мавжуд.

Қўшиқ давомида Путиннинг мухлиси одамларни президентга ҳурмат бажо келтиришга чақиради.

Унинг олдинги қўшиғида ҳам "Худо йўллаган вакил мамлакатни оёққа турғизди" каби сўзлар бўлган.

Россия мухолифати дастлаб Қурбонхоновнинг қўшиқларини "антипутин қўшиқ"лардан бири сифатида тушуниб, уни тарғиб ҳам қилиб чиққан.

Тожик муҳожирининг бу қўшиғи Владимир Путин ҳақида кейинги кунларда интернет саҳифаларини қизитаётган яхши-ёмон фикрларга яна қанот бериши мумкин.

Шу ҳафтада Владимир Путин ўзининг навбатдаги ҳаракати - "турнага ўхшаб кийиниб" парвоз қилгани билан нафақат Россия оммавий ахборот воситаларининг, кўплаб халқаро нашрларнинг ҳам эътиборига тушди.

Путиннинг парвози ҳам киноя, ҳам ҳазил оҳангидаги мулоҳазаларга сабаб бўлди.

"Independent" рўзномаси бу ҳақда "Қирувчи Путин оқ турнага айланди" деб ёзади.

"L'Express" эса "Ердаги муаммоларни қўйиб Россиянинг халоскори Владимир Путин Сибир турналарининг сардорига айланди" деб киноя қилади.

"The Washington Times" рўзномаси парвозни " Россиянинг авторитар президенти, мачо ва ҳайвонларни севувчининг одатдаги трюки" дея атаган.

Блоггерлардан бири "Путин ростдан ҳам қушлар билан жанубга учиб кетдими? Бу доимгами ёки баҳорда қайтиб келадими?", деб савол қўйган.

"Сибир турналари Путин қаноти остидалиги яхши, - деб ёзади "The Guardian",- " Бу аслида сиёсий реклама бўлсада, Путин бу ҳаракати билан қирилиб кетаётган жониворлар, ҳайвонларга эътибор қарата олгани билан фойдали иш қилди", дейилади рўзномадаги мақолада.

"Путиннинг ҳаракатлари орасида бу даражада бир овоздан кинояли кулги уйғотгани бўлмаган эди",- ёзади The New Republic нашри. "Агар сени яхши кўришмасаю қўрқишгани яхши бўлса, сенинг устингдан кулгандан кўра, қўрқишгани албатта яхши бўларди".

Россия интернет нашрларига кўра, "Вокруг света" журнали муҳаррири ўз мухбирини Путиннинг ноёб қушларни асраб қолишга қаратилган парвозини кузатишга мухбир юбормагани учун ўз вазифасидан озод қилинган.

Кузатувчиларнинг фикрича, Путиннинг омма орасида қарама-қарши фикрларни уйғотган парвози, унинг бошқа қизиқишлари қатори аниқ мақсадларга асослангандир.

Ўзини Владимир Путиннинг мухлиси деб тақдим қилаётган тожик Толиб Қурбонхоновнинг интернетдаги қўшиғини эса икки кун ичида 22 минг киши кўриб улгурган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.