BBC navigation

Суннатни тақиқлашдан норози яҳудий ва мусулмонлар бирлашган

Сўнгги янгиланиш 9 сентябр 2012 - 11:06 GMT

Мусулмонларга кўра, Оврўпода сўнгги йиллари Исломга қарши кайфиятлар кучайган

Бир неча ой олдин Кёлнда яшовчи мусулмон болакайни суннат қилиш амали нотўғри кетиб, унинг аҳволи ёмонлашади.

Айни ишни кўриб чиққан маҳкама эса хатна амалини болага қарши жисмоний ҳужумга тенглаштиради.

Шу асно Кёлн минтақасида болаларни суннат қилиш амали жиноий ҳаракат, деб эълон қилинди.

Эндиликда бутун Олмония бўйлаб кўплаб шифокорлар жиноятчига чиқиб қолмаслик хавотирида яҳудий ва мусулмон болаларни суннат қилишдан бош тортишаётир.

Олмония ҳукумати ўғил болалар суннатини қонунийлаштирмоқчи. Бироқ шу кунларда Баварияда бир раввин яҳудий болаларни суннат қилгани учун тергов қилинаяпти, деган хабарлар юзага келган.

Бундан ғазабланган мусулмонлар ва яҳудийлар бирлашиб, намойишга чиққанлар.

Олмониядаги сўнгги тақиқлар халқаро миқёсда қаттиқ танқидларга тутилаяпти. Айниқса, мусулмон ва яҳудий наздида, бу каби тақиқлар аслида уларнинг динларига қарши қаратилган ҳаракатдир.

Яҳудийлар ва мусулмонлар учун ўғил болаларни хатна қилдириш - динда буюрилган суннат амалларидан бири.

Суннатни маън этиш эса кўп миллионли мусулмонлар ва яҳудийлар яшовчи Олмонияда динлараро кескин зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин деган хавотирлар бор.

Бунинг устига, Оврўпонинг йирик мамлакати бўлмиш Олмониядаги ҳар қандай янгилик қўшни давлатларига ҳам таъсир этиши мумкинлиги айтилади.

Франция, Британия ва Италияда ҳам кўп миллионли мусулмон жамоалари бор.

Ҳалол ва кошер ваҳшийликми?

Олмония учун яҳудий диний амалларини тақиқлаш ҳаракати аслида ҳассос масала. Иккинчи Жаҳон Уруши даврида немис-фашистлари Оврўпо бўйлаб миллионлаб яҳудийларни қирғинбарот қилишган.

Бу қатлиомлардан тирик қолган инсонлар ҳамон ҳаёт. Шу боис Оврўпода яҳудийлик буюрган амалларни тақиқлашга интилиш ҳаракати яҳудийларда янгича хавотирларни юзага келтириши табиий.

Айни дамда, Оврўпонинг кўп миллионли мусулмонлари ҳам кейинги йиллари, хусусан, АҚШдаги 11 сентябрь ҳужумлари ортидан Ислом ва мусулмонларга қарши адоватли қарашлар ҳамда бу дин буюрган фарз ва суннатларин тақиқлашга интилиш ҳаракатлари кучайганинини айтишади.

Франция, масалан, ўзининг дунёвиф республика мақомини рўкач қилиб, мактабларда диний рамзларни маън этди. Шу асно, минглаб ҳижобли талабалар рўмолларини ечиш мажбурияти остида қолишди.

Франция, шунингдек, жамоат жойларида юзни тўсиб турувчи диний ниқоб тақишни ҳам тақиқлаган. Айрим араб аёллари ва аксар Исломга кирган француз хотинлари юзини яширадиган бу каби ниқобни эса мамлакат бўйлаб нари борса 2 минг аёл тақар экан.

Олдинроқ эса Голландия каби мамлакатларда яҳудийларнинг кошер ва мусулмонларнинг ҳалол гўштларини тақиқлаш керак, деган чақириқлар янграганди. Бундайин тақиқ тарафдорларига кўра, жониворни ҳалол ва ё кошер йўлида сўйиш ваҳшийлик. Чунки бу жараён узоққа чўзилади ва ҳайвон жуда азият чекади.

Олмонияда эса энди суннатнинг болага ҳам руҳий, ҳам жисмоний зарар етказиши ҳақида баҳслар кучаймоқда.

Бироқ БМТ олиб борган тадқиқотларга кўра, ўғил болаларни суннат қилиш - гигиена учун ўта фойдали.

Хусусан, кесилмаган эркакка солиштирганда, хатна қилинган эркакнинг СПИДга етакловчи ВИЧ вирусини юқтириш эҳтимоли 50% камдир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.