BBC navigation

Америка 9/11 ҳужумларининг 11 йиллигини хотирламоқда

Сўнгги янгиланиш 11 сентябр 2012 - 12:44 GMT

11 сентябр ҳужумларида қариийб 3 минг киши ҳалок бўлгани айтилади

АҚШда Нью Йорк ва Вашингтонда амалга оширилган 11 сентябр ҳужумларининг 11 йиллигини нишонлаш бошланган.

АҚШ президенти Барак Обама ва президентликка номзод Митт Ромни ҳам ушбу кун ҳалок бўлганларнинг хотираси учун ўз сайловолди кампанияларини тўхтатиб туришларини билдиришган.

Фожеадан кейин ўтган 11 йил орасида биринчи марта сиёсатчилар эмас, фақат қурбонларнинг яқинлари нутқ ирод қилишлари айтилган.

Расмий ҳисобларга кўра, Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ва Пентагон биносига гаровга олинган икки учоқнинг келиб урилиши натижасида қариийб 3 минг киши ҳалок бўлган эди.

9 сентябр портлашларининг 11 йиллиги муносабати билан АҚШ ҳукумати воқеа жойида қутқарувчи бўлганларга саратондан бепул даволаниш ва текшириш имконини беришга қарор қилган.

АҚШ Соғлиқни сақлаш миллий институти маълум қилишича, қутқарув хизматининг 70 мингдан ортиқ ходимлари бу имкондан фойдалана олишади.

Шифокорларнинг кузатишларича, портлашдан вайрон бўлган "эгизак бинолар"нинг ичида узоқ вақт давомида ишлаш саратон хасталиклари келиб чиқишини кучайтириши мумкин.

Маълумотларга кўра, 2001 йилги портлашлар билан боғлиқ мингга яқин одам турли касалликлар билан оламдан ўтган.

Айни пайтда "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Айман ал-Завоҳирий ўз ўринбосари Абу Яҳё ал-Либийнинг ўлганини тасдиқлаган.

Абу Яҳё ал-Либий Покистондаги Вазиристон минтақасида июн ойида ўтказилган амалиёт чоғида ўлдирилгани айтилган.

Шунингдек, Айман ал-Завоҳирийнинг укаси Муҳаммад аз-Завоҳирий мусулмонлар ва Ғарб ўртасида воситачи бўлишга тайёрлигини айтиб чиққан.

CNN телеканалига берган интервьюсида Муҳаммад аз-Завоҳирий Ғарбга тинчликни қарор топтириш режасини таклиф қилади.

Аз-Завоҳирий АҚШ ва унинг иттифоқчилари исломга қарши урушни тўхтатишлари эвазига тинчликка эришиш мумкинлигини, дунёнинг мусулмон ва мусулмон бўлмаган фуқаролари ўртасида тинчлик ўрнатиш истагини билдиради.

"Мен бирор-бир гуруҳнинг аъзоси эмасман. Менинг мақсадим - Ғарб ва мусулмонлар ўртасида воситачи бўлиш. Бу жуда мураккаб вазифа. Агар сиз тинчликни хоҳласангиз, бошқаларни ҳам хавфсиз эканликларини ҳис қилишларига ишонтиринг",- деб айтган аз-Завоҳирий ўз мурожаатида.

Муҳаммад аз-Завоҳирий 1981 йил Миср президенти Анвар Садатга суиқасд қилишда алоқадорликда айбланиб 14 йил қамоқда ўтиради.

Айни пайтда Толибон 11 сентябр воқеаларининг 11 йиллигига атаб ҳеч бир ҳужум режалаштирмаганини, бироқ Ватанини ҳимоя қилишни ва "босқинчиларга қарши муқаддас урушни"ни давом эттираверишини маълум қилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.