BBC navigation

Эрон қадим Буюк Ипак Йўлида жойлашган давлатларни бирлаштирмоқчи

Сўнгги янгиланиш 11 сентябр 2012 - 12:42 GMT

Эрон вице-президенти Сайид Ҳасан Мусовий Бакуда бўлиб ўтган халқаро анжуман чоғида қадим Буюк Ипак Йўлида жойлашган давлатлар орасида Шенгенга ўхшаш виза тизими барпо этиш таклифини илгари сурган.

Сайид Ҳасан Мусовий жанобларининг айтишича, "бу каби виза тизими ушбу мамлакатлар орасида саёҳат қилишни осонлаштиради ва минтақага катта сондаги сайёҳлар оқимини жалб этади".

"Бундан ҳам ташқари, ўзаро алоқаларнинг тараққий топиши ва минтақада тинчликни қарор топтиришга ҳам ёрдам беради".

Эрон вице-президенти, ўз ўрнида, Буюк Ипак Йўлида жойлашган давлатлар сайёҳликни ривожлантириш учун ўз имкониятларидан фойдаланишлари шартлигини ҳам урғулаган.

Эронлик юқори мартабали мулозим халқаро анжуман чоғида бу билан ҳам кифояланмай, Буюк Ипак Йўли давлатлари Бош Ассамблеясини тузиш, унинг съездини шу йил охирида ўзларида ўтказиш ғоясини ҳам ўртага ташлаган.

Жаноб Мусовийга кўра, 2014 йил Буюк Ипак Йўли йили деб ҳам эълон этилиши ва бу йўлда жойлашган давлатлар атласи ҳам тузиб чиқилиши лозим.

"Буюк Ипак Йўли таъми: пазандалик, маданият ва сайёҳлик" номли халқаро анжуман чоғида янграган бу таклифлар Эрон ядровий дастури юзасидан сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан анчайин иҳолатланиб қолган бир вазиятда кузатилмоқда.

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, Эрон вице-президентининг бу қабила чиқишига бир томондан худди шу омил ҳам муҳим ўрин тутган.

"Бошқа томондан, бу - Эроннинг минтақадаги ўрни мустаҳкамланаётганига ҳам далолат қилади", дейди таҳлилчи Анвар Ҳусаинов.

"Эрон, масалан, шундай халқаро ташаббусларни кўтариши ўзига эътибор қаратиши учун ҳам зарур, кейин минтақа лидерлигини фақат сўзда эмас, бир амалда кўрсатиш, ўзининг иқтисодий, фан-техника соҳасидаги ютуқларини қўшни давлатларга кўрсатиш - эронликларнинг анча йиллардан бери олиб бораётган сиёсати".

Таҳлилчи, ўз ўрнида, Эрон қўшни давлатларга қараганда анчайин иқтисодий тараққиётга эришгани, машинасозлик, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, айниқса, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳасида катта ютуқларни қўлга киритгани боис, уларга ўзининг иқтисодий таъсирини ўтказиш - расмий Теҳрон стратегиясига киришини айтади.

Минтақа давлатлари нима дейди?

Эрон томони илгари сураётган таклифларнинг қанчалик амалий бўлиши ҳақида сўз кетганда, аксарият таҳлилчилар бунинг энг аввало минтақада ўз гео-сиёсий қизиқишлари ва манфаатларига эга қудратли давлатлар истак-хоҳишларига боғлиқ эканини таъкидлашади.

Улар яқинда Эронда бўлиб ўтган Қўшилмаганлар Ҳаракатига аъзо давлатлар саммити бунга яққол мисол эканини айтишади.

"Кўп Осиё, Жанубий Америка ва Африка мамлакатлари раҳбарлари етиб келишган бўлса ҳам, Марказий Осиё давлатларидан ҳеч бири ҳозирча ушбу ҳаракатга қўшилганича йўқ", дейди таҳлилчи Анвар Ҳусаинов.

Таҳлилчига кўра, Эрондаги давлат сиёсати, Ғарбга қарши ошкора қарши чиқиши Ўзбекистон каби айрим минтақа давлатларини ташвишга солади.

"Масалан, Ўзбекистон Эронга маълум бир ҳадиксираш билан, маълум бир шубҳа билан қарайди".

Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, шу боис ҳам, бугунги кунда чегараларни кенг очиш, Шенгенга ўхшаш одамларнинг давлатлар орасида эркин ҳаракатланиши қўллаб-қувватланмайди.

Аммо бу таклифда жон бор

Таҳлилчилар Марказий Осиё давлатлари орасидаги чегараларнинг қанчалик кучли қўриқланиши ва амалда бўлган виза тартибини назарда тутиб, Эрон томонининг таклифи қадимдан қон-қариндош бўлган минтақа аҳолисининг орасидаги борди-келдининг осонлашишига хизмат қилишини айтишади.

Улар, бундан ташқари, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлари сабаб, сайёҳликни ривожлантириш Ўзбекистон келажаги учун жуда ҳам муҳим эканлигини урғулашади.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистоннинг келажаги халқаро туризм билан боғлиқ.

Улар Эрон аҳолисининг сўнгги йилларда бойиб қолгани, оддий ишларда банд бўлган эронликларнинг ҳам кўнгиллари саёҳат тусаб бораётганини назарда тутиб, Ўзбекистонга миллионлаб сайёҳларни тортиш имкони борлигини айтишади.

"Борди-келдилар кучайса, айниқса, олий ўқув юртларимизда Афғонистонда яшайдиган ўзбекларни ўқитсак, Туркманистонда яшайдиган ўзбекларни ўқитсак. Жуда интилиш бор. Чунки, масалан, Ўзбекистонда олий ўқув юрти тизими ривожланганлиги, олимларининг кучи кўпчилик томонидан эътироф этилганидан келиб чиқиб, Ўзбекистон кадрлар тайёрлашнинг марказига айланса, бу - ютуқли томон", дейди Анвар Ҳусаинов.

Унга кўра, мавсумлар ҳар хил экани боис, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан олди-берди қилиш, кўплаб иш ўринлари яратилиши, газ ва нефть соҳасида йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш имконияти ҳам пайдо бўлади.

"Туркман газини бугун Оврўпога, Хитойга олиб чиқиб кетилаяптию, лекин, масалан, минглаб чақиримли умумий чегарага эга бўлган Ўзбекистонда ҳалигача арзон ва қулай бўлган туркман газини олиб келиб, чуқур қайта ишлаш ташкил этилмаяпти".

Таҳлилчи Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, бу ҳам чегара муносабатлари, халқлар орасидаги борди-келди, қуда-андачиликнинг яхшилаб ривожланиши билан боғлиқ. Унга кўра, бу ҳозир минтақа халқларининг истак-хоҳишига айланган.

Унга кўра, Америка ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан узоқни кўзловчи сиёсат амалга оширилиб, улар томонидан ҳам бу каби алоқаларга кенг йўл берилиши керак.

"Эронга қандай қилиб таъсир қилиш мумкин, фақат санкциялар билан эмас...Буни яқинда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам эътироф этишга мажбур бўлди. Эронга маданий жиҳатдан таъсир қилиш, бошқа халқлар билан уларнинг мулоқотларини кенгайтириш бу - ўйлайманки, Американинг ҳам туб манфаатларига мос келадиган нарса. Шунинг учун ҳам Эрондан чиққан деб, ҳамма ташаббусларга йўқ дейишимиз керак бўлса, бу - Ўзбекистоннинг ҳам давлат манфаатларига мос келмайди, Американинг ҳам...".


Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.