BBC navigation

Покистондаги ёнғинда юзлаб кишилар қурбон бўлган

Сўнгги янгиланиш 12 сентябр 2012 - 13:32 GMT

Ўн беш соатга чўзилган ёнғин юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлган

Карачи шаҳридаги тикувчилик фабрикасида юз берган ёнғин оқибатида камида 246 киши қурбон бўлган.

Покистонлик мулозимлар бу каби машъум ҳодиса мамлакат тарихида юз бермаганини айтишмоқда.

Ўн беш соатга чўзилган ёнғин сабаб, катта сондаги одамларга тан жароҳати ҳам етган.

Деразалари темир панжаралар билан тўсилгани ва бинода эвакуация йўлакларининг йўқлиги боис, юзлаб ишчилар фабрика ичкарисида қамалиб қолишган.

Ёнғиндан жон сақлаш учун улардан аксарияти юқори қаватлардан ўзларини пастга ташлашган.

Ёнғинни жиловлаш учун қирққа яқин ўт ўчирувчи машина лозим бўлган.

Ичкаридаги жасадларни олиб чиқиш учун қутқарув ходимлари бир кун овора бўлишган.

Ёнғин забтига оларкан, ичкарида қамалиб қолган одамлар ёрдам сўраб, жон-жаҳдлари билан яқинларига сим қоқишган.

Бундан аввал Лаҳордаги пойафзал ишлаб чиқариш корхонасига ўт кетиб, камида 25 кишининг умрига зомин бўлган.

Ҳар икки ҳодиса юзасидан ҳам тергов ишлари бошланган.

Дастлабки тахминларга кўра, ёнғинга носоз электр генераторлари сабаб бўлган.

Масъуллар қутқарув ишлари ҳануз давом этаётганини айтишмоқда.

Электр таъминотидаги узилишлар кунда-шундалик тусини олгани учун, фабрика ва корхоналарнинг ўз таъминот манбаларига эга бўлишлари тақозо этилади.

Покистон Йиллик Ялпи Ички Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг етти фоиздан ортиқроғини ташкил этгани учун ҳам, тикувчилик саноати мамлакатнинг шундоқ ҳам заиф иқтисодида муҳим ўрин тутади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.