BBC navigation

'Дунёда ўлаётган болалар сони камайди'

Сўнгги янгиланиш 13 сентябр 2012 - 07:31 GMT

Бирлашган Миллатлар ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг билдиришича, ўтган 20 йил ичида 5 ёшгача бўлган гўдаклар орасида ўлим ҳоллари кескин камайган.

Дейлик, 1990 йилда 12 миллион бола ҳаётдан кўз юмган бўлса, ўтган йилги кўрсаткичлар қарийб 19.000 ни ташкил этган.

Халқаро жамғарманинг хулосасига қаралса, бунга айрим қашшоқ давлатларнинг бойиб бораётгани сабаб бўлибди.

Бундан ташқари, оналарни болаларини кўкрак сути билан озиқлантиришга ундаш ва турли хил юқумли хасталикларга қарши олиб борилган эмлаш амалиётлари ҳам озмунча таъсирга бўлмабди.

Айниқса, четдан катта миқдорда хорижий ёрдам олувчи давлатларда вазият ниҳоятда ўнгланибди.

ЮНИСЕФ масъуллари бунга мисол ўлароқ Лао Ҳалқ Республикаси, Шарқий Тимор ва Либерияни келтиришади.

Биргина қизамиққа қарши эмлашларнинг ўзи эса, йигирма йилдан ортиқроқ вақт ичида болалар ўлимини ярим миллиондан юз мингга туширибди.

Қалтис вазият

Агар фактларга қаралса, 5 ёшгача бўлган гўдаклар орасидаги ўлим ҳолларининг тенг ярми дунёнинг беш давлати - Ҳиндистон, Нигерия, Конго Демократик Республикаси, Покистон ва Хитой ҳиссасига тўғри келаркан.

Қора Африка минтақасида жойлашган айрим давлатларда ҳам болалар ўлими билан боғлиқ вазият анча ёмонлашибди.

Дейлик, Конго Демократик Республикаси, Чад, Сомали, Мали, Камерун ва Буркина Фасода гўдаклигида ҳаётдан кўз юмаётган болаларнинг сони 1990 йил билан солиштирганда 10.000 га ортибди.

Агар ўтган йилги маълумотларга қаралса, бу каби ўлим ҳолларининг деярли барчасига безгак хасталиги сабаб бўлибди.

Халқаро жамғармага кўра, дунёнинг айрим ҳудудларида кечаётган қуролли низолар ҳам болаларнинг ўлимига озмунча ҳисса қўшмаган.

Дейлик, гўдаклар ўлими энг кўп кузатилган ўн давлатдан саккизтаси зўравонликларга саҳна бўлган ёки вазият беқарор мамлакатлардир.

Бутун дунё бўйлаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлаётган энг асосий омиллар эса, зотилжам, туғруқ жараёнидаги мушкулликлар, ўткир ич кетиш ҳоллари ва безгак хасталиги экан.

Халқаро ташкилотга кўра, қарийб 40 фоиз гўдак ҳаётининг дастлабки бир ойида ҳаётдан кўз юмаркан.

Тўйиб овқат емаслик муаммоси эса, бутун дунё бўйлаб 30 фоиздан ортиқроқ гўдакнинг умрига зомин бўларкан.

Халқаро мутахассислар ўтган йигирма йилдан ортиқроқ вақт ичида Ўзбекистонда ҳам оналар ва болалар ўлими қарийб уч баравар камайганини айтишади.

Аммо, маҳаллий шифокорларга кўра, эришилган шунча ютуқларга қарамай, оналар ва болалар ўлими билан боғлиқ муаммо мамлакатда буткул барҳам топмаган.

Улар мамлакат аҳолисининг олтмиш фоиздан кўпроғи қишлоқ ҳудудларида яшашини назарда тутиб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг бу масалада ҳам ўз сўзини айтаётганини таъкидлашади.

Айрим шифокорларга кўра, ҳомиладор аёллар орасида камқонлик ҳолларининг кенг тарқалганлиги, тўйиб овқат емаслик, экологик муаммолар, шифохона ва туғруқхоналардаги шарт-шароитларнинг кўнгилдагидек эмаслиги бугунги кунда оналар ва болаларга ўлимига сабаб бўлаётган асосий омилларга айланган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.