BBC navigation

Афғонистонда автоҳалокат 50 инсоннинг умрига зомин бўлди

Сўнгги янгиланиш 14 сентябр 2012 - 09:26 GMT

Афғонистон расмийларининг маълум қилишларича, мамлакат шарқидаги Ғазни вилоятида йўловчи автобусининг ёқилғи танкери билан тўқнашиб кетиши оқибатида камида 50 инсон нобуд бўлган.

Тўқнашув ортидан икки автомашина ҳам ёнғин ичида қолган ва хабарларда жабрланганларнинг жасадлари таниб бўлмас даражада куйиб кетгани айтилади.

Ҳодиса Кобул-Қандаҳор шоҳ йўли жойлашган Аббанд туманида юз берган.

Ҳалокатни келтириб чиқарган сабаблар аниқ эмас, аммо Афғонистонда бу каби йўл ҳодисалари кўп содир бўлади.

Кўплаб автоҳалокатларда йўлларнинг абгор экани, автомобиллардан техник носоз ҳолатда фойдаланиш ва ҳайдовчиларнинг қоидаларга амал қилмасликлари сабаб кўрилади.

"Айрим жасадлар таниб бўлмас даражага келган", дейди вилоят полиция хизмати бошлиғи Заравар Зоҳид.

Унга кўра, ҳозирда полиция ходимлари ва аскарлар нобуд бўлганларни ҳалокат жойидан олиб чиқишмоқда.

Аммо, ёқилғи танкерининг кимга тегишли экани номаълум қолмоқда. Ғазни вилояти НАТО қўшинларига таъминот етказиш йўлида жойлашган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.