BBC navigation

Барак Обама сайловлардаги рақиби Ромнига танбеҳ берди

Сўнгги янгиланиш 19 сентябр 2012 - 09:53 GMT

Қўшма Штатлар Президенти Барак Обама республикачи рақиби Мит Ромнига танбеҳ бераркан, президентликка даъвогар ҳар қандай киши барча америкаликлар учун хизмат қилиши кераклигини айтган.

Америка телеканалларидан биридаги чиқишида Обама жаноблари Ромни 47 фоиз америкаликларни "жабрдийда" сифатида таърифлаб хато қилганини таъкидлаган.

Барак Обама, шунингдек, 2008 йилги сайлов тунида ҳамма учун, жумладан, унга овоз бермаганлар учун ҳам ишлашга ваъда берганини эслаган.

"Мен президент сифатида бир нарсани ўргандим, сиз бутунбошли мамлакатнинг вакилисиз", деган АҚШ Президенти.

Сешанба куни жаноб Ромнининг хайрия тўплаш тадбирида махфий ёзиб олинган видеонутқи матбуотга сизиб чиққанди.

Ошкор бўлган видеонутқида Мит Ромни фаластинликлар Яқин Шарқда тинчлик бўлишини истамасликлари ҳақида ҳам гапирган.

"Фаластинликлар тинчлик қарор топишига қизиқаётганлари йўқ", дейди у.

Фаластин бош музокарачиси Сойиб Эрекат ахборот агентликларидан бирига айтишича, Ромни фаластинликларни тинчлик истамаётганликда айблаши хатодир.

"Исроил босқинини сақлаб қолишни истаганларгина фаластинликлар тинчликка қизиқишмаётганини даъво қилишади", дейди Фаластин бош музокарачиси.

Аввалроқ, Ромни жаноблари ўз изоҳларини ҳимоя қиларкан, Fox News ахборот агентлигига "ҳукуматга қарам" одамлар ноябрда бўлиб ўтадиган сайловларда унга овоз бермаслигини билишини айтган.

Сешанба куни кечда чоп этилган сўровлар ноябр сайловларида натижалар анчайин яқин бўлишини башорат қилади.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.