BBC navigation

Google ўзининг 15 ёшини нишонламоқда

Сўнгги янгиланиш 15 сентябр 2012 - 13:24 GMT

"Google, бу-интернет дегани"

Ўн беш йил муқаддам Мicrosoft энг қудратли ширкат бўлган ва интернетда қидириш саҳифалари бозорини Alta Vista ва Lycos сингари ширкатлар эгаллаган эди.

Аммо ўн беш йил интернет бозори учун жуда узоқ муддат ва ўтган вақт мобайнида Google уларнинг ҳаммасини ортда қолдириб кетди.

Ўтган йили биринчи марта бир ойда Google дан бир миллиард одам фойдаланган.

Google га асос солган аспирантура талабалари Ларри Пейж ва Сергей Бринлар интернетда ахборот қидиришнинг турли йўлларидан кетишди ва таҳлилчиларга кўра, худди шу жиҳат Google нинг муваффақиятида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.

Эски қидирув саҳифалари натижаларга уларнинг қанча марта қидирилганига қараб тартиб берар эди.

Google эса уларни у ёки бу саҳифа бошқа саҳифаларга неча марта боғланганига қараб тартиб беришни мақсадга мувофиқ деб билди.

Шу тариқа натижалар кўпроқ мантиқийлик ва долзарблик касб этди ва инглиз тилига янги - "гуугл қилиш" деган ибора кириб келди.

"Зет-Ди-нет" интернет саҳифаси муҳаррири Руперт Гудвиннинг сўзларига кўра, дунёдаги жуда кўп одамлар учун Google, бу - интернет, дегани.

"Улар биринчи бўлиб Google га боришади ва ҳамма нарсани шу саҳифадан бошлайдилар. Google - бизнинг бутун дунёдаги ахборотга даричамиз", - дейди у.

Аммо дунёда Google ўзининг ҳажми ва қудратини суистеъмол қилмоқда, деб ўйлайдиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Ширкат интернет қидирувлари натижасида қўлга киритилган шахсий маълумотлардан тижорий мақсадларда фойдалангани учун танқид қилинган.

Унинг Streetview хариталар хизмати эса одамларнинг хабарисиз уларнинг ва уйларнинг суратларини олгани ва чоп этгани учун инсонларнинг шахсий ҳаётига дахл қилишда айбланди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.