BBC navigation

Эронда аёлларнинг айрим фанларни ўрганишлари тақиқланди

Сўнгги янгиланиш 22 сентябр 2012 - 14:13 GMT

Охирги йилларда Эронда олий таълим олган аёлларнинг сони ортган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро Human Rights Watch ташкилоти Эрон ҳукуматига мурожаат қилиб, мамлакат университетларида хотин-қизларнинг таълим олишларига киритилган чекловни бекор қилишга чақирган.

22 сентябрдан Эронда аёлларнинг университетларда айрим соҳалар бўйича ўқишларини тақиқлайдиган тартиб кучга кирган.

Олинган хабарларга кўра, мамлакатдаги 36 университетга аёлларнинг 77 факультетга ўқишга қабул қилинмасликлари лозимлиги ҳақидаги кўрсатмалар берилган.

Бу соҳалар орасида ядро физикаси, компютер билимлари, ҳисоб-китоб, муҳандислик ва Инглиз адабиёти бор.

Расман Эрон расмийлари нега бундай қарорга келганларини изоҳламаганлар.

Бироқ охирги йилларда расмийлар Эронда туғилиш камайиб кетаётгани, бунинг сабабларидан бири охирги 20 йил мобайнида хотин-қизларнинг олий таълим олишга интилиб, оила қуришни орқага сураётганлари ҳақида кўп гапира бошлаганлар.

Human Rights Watch баёнотида айтилишича, Эрон ҳукумати чекловчи сиёсатни зудлик билан бекор қилиши лозим, чунки бу ҳар бир инсон таълим олишда камситилмаслиги кераклиги ҳақидаги халқаро ҳуқуқнинг поймол этилишидир.

Эрон расмий маълумотларига кўра, охирги йилларда олий таълим олган аёлларнинг сони ортиб бормоқда.

Шу йил мамлакатда олий ўқув юртига кириш имтиҳонларидан ўтганларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этган.

Август ойида эронлик таниқли Нобел мукофоти соҳиби Ширин Ибодий Бирлашган Миллатлар ташкилотига очиқ хат эълон қилган, Эрон ҳукуматининг ушбу қарорини мамлакатдаги "жамоат саҳналаридан хотин-қизларни сиқиб чиқариш" мақсадидаги сиёсатининг бир қисми, деб таърифлаган.

Танқидчиларга кўра, ушбу қадам Эрон ички сиёсатида хотин-қизларнинг иштироки кучайиб бораётганига қарши ҳукумат кўраётган чорадир.

Уч йил олдинги Эрондаги президентлик сайловидан кейинги норозилик намойишларида аёллар фаол иштирок этишган эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.