BBC navigation

Покистон вазири аксилисломий филм муаллифини ўлдирганга катта пул ваъда қилган

Сўнгги янгиланиш 23 сентябр 2012 - 10:34 GMT

Намойишчилар Америка байроқларини ёқиб ўз норозиликларини билдиришган

Покистон Темир йўл транспорти вазири Ғулом Аҳмад Билур Пешавордаги матбуот анжуманида аксилисломий филм режиссёрининг боши учун 100 минг доллар ваъда қилган.

Унинг бу мурожаати турли фикрларга сабаб бўлган.

Покистон Бош вазирининг матбуот сўзчиси Шавкат Жалил Би-би-сига Ғулом Аҳмад Билурнинг чақириғига ҳукумат қўшилмаслигини билдирган.

Ғулом Аҳмад Билур ҳукумат коалициясига кирувчи Авом Халқ партияси вакили ҳисобланади.

Шавкат Жалилга кўра, жаноб Билур бошқарувдаги Покистон халқ партиясининг аъзоси бўлмагани боис, "Бош вазир Авом Халқ партияси раҳбари билан кейинги қадамлар ҳақида гаплашиши кутилмоқда.

Авом Халқ партияси вакили Би-би-сига "Бу партиянинг эмас, Ғулом Билурнинг шахсий нуқтаи назари. Бироқ унга қарши партия чора кўргани йўқ ва у ўз вазифасида ишламоқда",-деб айтган.

Ғулом Аҳмад Билур "муқаддас фарзни бажарган" кишига ўз ҳисобидан 100 минг доллар тўлашга тайёр эканини маълум қилган.

Унинг бу мурожаати аксилисломий филмга қарши жума кунги намойишларда камида 20 киши ҳалок бўлгани орқасидан янграган.

"Мен бу видеони олганларга 100 минг доллар тўлашга тайёрман. Агар яна кимдир шунга ўхшаган шаккокликни қилар экан, унинг қотили учун ҳам 100 минг доллар тўлайман",- деб айтган жаноб Билур." Мен у мамлакатларга қарата шундай демоқчиман: ҳа, сўз эркинлиги лозим, лекин сиз бизнинг Пайғамбаримизни ҳақорат қиладиганларга қарши қонун қабул қилишингиз керак. Агар буни қилмас экансиз, келажакда сиз учун жуда хавфли бўлиши мумкин".

Ғулом Аҳмад Билурнинг кинорежиссёрни ўлдиришга Толибон ва "Ал-Қоида"ни чақириши қораланган.

Карачи шаҳрида аксилисломий филмга қарши намойишлар қонли тўқнашувларга айланиб кетган.

Шанба куни Бангладеш пойтахтидаги намойишларда полиция одамларга қарата кўздан ёш оқизувчи газни қўллайди.

Исломободда америкалик режиссёрга жазо берилишини талаб қилган намойишлар тинч ўтгани айтилган.

Нигерияда ҳам минглаб намойишчилар "Америкага ўлим, Исроилга ўлим ва ислом душманларига ўлим" деган шиорларни айтиб қичқирганлар.

Хабарларга кўра,"Мусулмонлар гуноҳсизлиги"филмининг режиссёри деб айтилаётган Накула Басил Накула Калифорния полицияси томонидан сўроқ қилингач, яширинган.

АҚШ ҳукумати Президент Барак Обама ва Оқ Уй Давлат Котиби Ҳиллари Клинтоннинг аксилисломий филмни қоралаб қилган мурожаатларини Покистон телевидениесида айлантириш 70 минг долларга тушган.

Президент Обама ўз фуқароларини Покистонга сафар қилишдан огоҳлантирган.

Charlie Hebdo журналида Муҳаммад Пайғамбар кулги қилинган сурати босилиши ортидан Франция ҳукумати 20дан ортиқ мусулмон дамлатларида ўз элчихоналарини ёпишига тўғри келганди.

Аксилисломий филмга қарши намойишларда жами ҳалок бўлганлар 50 дан ошган яна ўнлаб кишилар жароҳат олган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.