BBC navigation

Абу Ҳамза экстрадиция қарорини Британия билан АҚШ олқишлади

Сўнгги янгиланиш 25 сентябр 2012 - 12:45 GMT

Абу Ҳамзанинг Америкага экстрадиция қилиниши билан боғлиқ ҳуқуқий "жанг" саккиз йил давом этган.

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси британиялик радикал уламо Абу Ҳамза ва яна тўрт террор гумондорининг АҚШга экстрадиция этилишларига қарши аризаларини рад этган.

Оврўпо маҳкамасининг қарорини Британия ва АҚШ ҳукуматлари олқишлаб чиққанлар.

Бу Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамасининг сўнгги қарори бўлган.

Британия Ички ишлар вазирлиги гумондорлар "имкони борича тез" Америкага экстрадиция қилинади, деб айтган.

Бундан олдин Британия маҳкамаси Абу Ҳамза, компютер мутахассиси Бабар Аҳмад ва яна уч кишини террор бандлари бўйича маҳкамага тортилиши учун АҚШга экстрадиция қилиш қарорини чиқарган, шу йил баҳорида Оврўпо маҳкамаси гумондорларни Америкага экстрадиция этилишига рухсат берган эди.

АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари имом Абу Ҳамзага ўндан ортиқ банд бўйича айбловларни илгари сурган.

Жумладан у Яманда ғарбликларни гаровга олишга алоқадорликда, шунингдек,1998-2000 йилларда Орегон штатида террористларни тайёргарликдан ўтказиш учун жамлоғлар тузиш ва терроризмни молиялаштиришда айбланган.

Айни пайтда Абу Ҳамза Британияда зўравонликни тарғиб қилиш ва миллий низоларни қўзғаш айби билан етти йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Абу Ҳамзанинг ҳимоячилари у Америкага берилган шароитда унга бир умрлик қамоқ жазоси берилиши мумкинлигидан, қамоқда ноинсоний муносабатларга дучор бўлишидан хавотирларини билдиришган.

Абу Ҳамзанинг Америкага экстрадиция қилиниши билан боғлиқ ҳуқуқий "жанг" саккиз йил давом этди.

Асли исми Мустафо Камол Мустафо бўлган Абу Ҳамза Мисрда туғилган.

У 1979 йил Лондонга муҳандисликка ўқишга келган.

1990 йилларнинг бошида Афғонистонга кетиб, ўзининг айтишича, "кофирларга қарши муқаддас уруш"да қатнашади.

У Лондон шаҳридаги Финсбури парк масжидида имомлик қилиб, мусулмонлар орасида ўзининг ваъзлари билан танилади.

Абу Ҳамза ўзининг терроризмга алоқадорлигини рад қилиб келади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.