BBC navigation

Россия: Эфирда муштлашган миллиардер безориликда айбланди

Сўнгги янгиланиш 27 сентябр 2012 - 07:35 GMT

Тергов қўмитаси "НТВшники" теледастури чоғида бизнесмен Сергей Полонский билан муштлашиб кетгани учун медиамагнат Александр Лебедевни расман безориликда айблаган.

Жонли эфир чоғидаги можаро ўтган йил сентябр ойида юз берганди.

Тергов фаразича, банкир жаноб Полонскийга "жисмоний оғриқ ва тан жароҳати етказган".

Масъулларга кўра, худди шу сабабдан ҳам, миллиардер Россия Жиноят Кодексининг икки банди: "сиёсий адоват заминида жамоат тартибини қўпол равишда бузиш" ва "муштлашиш"да айбланмоқда.

Россия Тергов Қўмитасидан билдиришларича, айбланувчидан "яшаш жойини тарк этмаслик хусусида тилхат ёзиб бериши" сўралган.

Аммо жаноб Лебедев маслаҳатчисининг Би-би-сига айтишича, бизнесмен бундай қилишдан бош тортган.

"Лебедев наздида бунга ҳеч бир ҳожат йўқ. Тергов жараёни бир йил давом этган бўлса, у ҳуқуқ-тартибот идораларининг бирор бир чақириғини бежавоб қолдирмаган ва бирор жойга яширинишга ҳам ҳаракат қилгани йўқ", деб айтган маслаҳатчи Артемов.

Икковлон ўртасидаги муштлашув 2011 йил 16 сентябр куни НТВ каналининг молиявий инқирозга бағишланган дастури чоғида келиб чиққанди.

Бироз даҳанаки жангдан сўнг, жаноб Лебедев кутилмаганда ўтирган жойидан ирғиб туриб, ёнида ўтирган Полонскийга бир нечта мушт туширганди.

Миллиардер Лебедев ҳимоячиси Генри Резникнинг иддао этишича, мижозига қарши айбловлар "мутлақ тўқима".

Ҳимоячига кўра, ҳукумат шу йўл билан бизнесменни Россияни тарк этишга мажбур қилмоқчи.

"Менимча, жаноб Лебедевнинг ижтимоий фаолияти, коррупцияга қарши ростмана кураш олиб бораётгани, мухолиф газеталарни чоп этаётгани, мухолифат фаоли Навальнийни қўллаб-қувватлаётгани ва бошқа яна кўплаб "гуноҳ"лари учун жазолашмоқчи", дейди ҳимоячиси.

Энг сўнггида шуни таъкидлаш жоизки, агар айбдор деб топилса, Александр Лебедев 300.000 рубль миқдорида жаримага тортилиши ёки 5 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Айбланувчи ҳимоячисининг урғулашича, шу йилнинг август ойида Россия маҳкамаси Pussy Riot гуруҳи аъзоларини ҳам худди шу айбловлар асосида ҳукм этган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.