BBC navigation

Гуржистонда ўта аҳамиятли парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Сўнгги янгиланиш 1 октябр 2012 - 10:36 GMT

Гуржистондаги бу галги парламент сайловлари ўзгача аҳамитя касб этиши айтилмоқда.

Гуржистондаги бу галги парламент сайловлари ўзгача аҳамият касб этади. Чунки янаги йил президентлик сайловларидан сўнг парламент ва Бош вазир мамлакат Президентидан кўра анчайин кенгроқ салоҳиятга эга бўладилар.

Гуржистон Конституциясига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ ҳукумат ижроий қудратнинг асосий органига айланади.

Президент фақатгина рамзий равишда дастлаб парламент томонидан тақдим этилган шахсларнигина Бош вазирликка тавсия қила олади.

Бугун эрталаб сайлов учаскаларидан бирида оиласи аъзолари билан овоз берган президент Михаил Саакашвили бу галги сайловларда мамлакат тақдири ҳал бўлаётганлиги ҳақида гапирди.

Унга кўра, бугунги сайловларда Гуржистонда бир неча авлод курашиб келган озодлик сақлаб қолинадими, йўқми ҳал бўлади.

"Гуржистон ўз тарихида ҳеч қачон ҳозирдагидек Оврўпога яқин бўлмаганди. Бизнинг рақибларимиз бу йўлдан бизни итариб ташлашга ҳаракат қиладилар", деб айтди жаноб Саакашвили.

Унинг бу сўзлари мухолифат раҳбари Бидзина Иванишвилига қаратилганлиги аён.

Гуржистон мухолифати

Сайловларда қатнашаётган мухолифат раҳбари Бидзина Иванишвили мамлакатнинг энг бой кишисидир.

Мухолифат раҳбари Бидзина Иванишвили яқин-яқинларгача кўпларга нотаниш, сирли инсон эди.

Унинг бойлиги Гуржистон Ялпи Ички Махсулотининг деярли ярмига тенг дейдилар.

"Гуржистон умиди" номли мухолифат каолициясига раҳбарлик қилувчи Бидзина Иванишвилини яқин-яқинларгача кўплар билмасдилар.

У Тибилиси яқинидаги ўта замонавий услубда қурилган ва ўзининг тикучар қўниш майдончасига эга бўлган " қасри"дан деярли кўриниш бермай яшарди.

Лекин ўтган октябр ойидан бери Бидзина Иванишвили сиёсий саҳнада фаоллашиб, келгуси йилги президентлик сайловларида Михаил Саакашвилига рақиб бўлиш нияти борлигини билдирди.

Иванишвилининг бизнес салтанати асосан Россияда жойлашгани туфайли расмийлар уни Кремл таъсири остидаги сиёсатчи, дея тақдим қилишга уринадилар.

Баъзи миллатчи сиёсатчилар ҳатто уни Кремл томонидан Михаил Саакашвилини қудратдан ағдариш "иғвоси"нинг бажарувчиси, дейишгача борганлар.

Сайловлардан олдинги танглик

Яқинда Гуржистон қамоқхонларидаги махбусларни таҳқирлаш ва зўрлаш фактлари ошкор бўлганидан сўнг жорий ҳукуматнинг обрўсига катта зарар етказилди.

Миллий телевидение махбусларнинг қўриқчилар томонидан зўрланишлари ва калтакланишлари туширилган видео тасмани намойиш этганди.

Бунинг ортидан мамлакатнинг қатор шаҳарларида норозилик чиқишлари бошланиб кетди.

Жаноб Саакашвилининг иккинчи президентлик муддати янаги йил ўз ниҳоясига етади ва мамлакат Конституциясига мувофиқ у бошқа президентликка ўз номзодини қўя олмайди.

Лекин агарда бу галги сайловларда унинг Бирлашган Миллий Ҳаракати ютиб чиқса, Михаил Саакашвили мамлакат сиёсий саҳнасида етакчи мавқени сақлаб қолиши мумкин.

Сайловларнинг натижлари қандай бўлиши ҳақида бирон аниқроқ башоратлар йўқ.

Таҳлилчиларга кўра, сайловчилар ўта қутблашган ва эҳтирослар жўшмоқда.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.